Мирзиёев ва Алиев “Кўксарой”да тор доирада учрашув ўтказди
Жамият
−
23 Август
2313Президент Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Кўксарой” қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
“Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, 2025 йилни “Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий кооперацияси йили” деб эълон қилиш ва 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул қилишга келишиб олинди. Товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва саноат кооперациясининг янги босқичига ўтиш, жумладан, учинчи давлатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан кўп томонлама асосда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Томонлар авиақатновлар сонини ошириш, ер усти ва ҳаво транспорти бўйича тартиб-таомилларни имкон қадар енгиллаштириш, рақамли ечимларни жорий этишга келишиб олди.
Бундан ташқари, ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2025 йилга мўлжалланган алоҳида Ҳудудлараро ҳамкорлик режаси, икки мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шериклик дастурини қабул қилиш ҳамда навбатдаги Ҳудудлар форумини Қўқон шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги “Кўксарой” давлат қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтганди. Шунингдек, Форумлар саройида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларининг фахрий унвонларни бериш тўғрисидаги тегишли Фармонларига кўра, Фаррух Зокировга Озарбайжон халқ артисти ва озарбайжонлик Пўлат Булбулўғлига Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
LiveБарчаси