Украина Курскдаги яна бир аҳоли пунктини эгаллаб олди – Зеленский 

Олам

image

Украина Қуролли кучлари Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги яна бир аҳоли пунктини эгаллаб олди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирскийнинг ҳисоботига таяниб, ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.

“Курск вилоятининг маълум ҳудудларида Украина назорати остидаги яна бир аҳоли пункти мавжуд ва биз алмашинув фондини тўлдиряпмиз”, дейди Зеленский.

Украина раҳбари Суми вилоятининг Россия Федерацияси билан чегарадош ҳудудларига ташриф буюрганини ва вилоят ҳарбий раҳбари ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондони билан учрашув ўтказганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони фаол операцияларнинг барча йўналишларидаги тезкор вазият, шунингдек, Торетский ва Покровский йўналишларида мудофаани кучайтириш бўйича қадамлар ҳақида маълум қилган.

Курск вилоятидаги вазият

Россия Федерациясининг Курск вилоятининг чегара ҳудудларида вазиятнинг кескинлашуви 6 август куни эрталаб, Украина армияси минтақада операция ўтказа бошлаганидан сўнг бошланди. Чегара ҳудудларида Россия ва Украина қўшинлари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда, аҳоли пунктларида учувчисиз самолётларнинг кенг кўламли ҳужумлари қайд этилмоқда, вақти-вақти билан ракета ҳақида огоҳлантириш сигналлари эшитилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига бостириб кирганидан сўнг жанглар асосан вилоятнинг Кореневский ва Суджанский, қисман Беловский ва Лговский туманларида давом этган.

Минтақадаги вазият федерал фавқулодда ҳолат сифатида тан олинган. Бундан ташқари, вазиятнинг кескинлашуви фонида Россиянинг учта вилоятида – Белгород, Курск ва Брянск вилоятларига таъсир кўрсатган аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.

Айни пайтда бир қатор ҳудудларда тинч аҳолини эвакуация қилиш давом этмоқда. 12 август куни Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Владимир Путинга эвакуация қилиниши керак бўлган 180 минг кишидан 121 минг киши аллақачон ҳудудни тарк этгани ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курск вилоятининг чегара ҳудудларидан 121 мингдан ортиқ одам кўчирилганини маълум қилди.

Россия Президенти Владимир Путин Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳаракатларини “яна бир кенг кўламли провокация” деб атади.

Айни пайтда Украина томони Курск вилоятида 90 дан ортиқ аҳоли пункти назорат остига олинганини даъво қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский Курск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made