Илҳом Алиев рафиқаси билан Ўзбекистонга келди
Жамият
−
22 Август
6506Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева бугун, 22 август куни Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ташриф дастурига мувофиқ навбатдаги манзилга жўнаб кетди.
Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева 22-23 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. Давлат ташрифи дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган. Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар диққат марказида бўлади.
Бундан ташқари, Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан Ўзбекистонга келаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси