Сирдарёда сотувчи чек сўраган болага тарсаки туширди (видео)
3-саҳифа
−
21 Июль
21153Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги дўконлардан бирида QR-кодли чек сўраган болага дўкон сотувчиси томонидан тарсаки туширилгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, кеча, 20 июль куни Болалар омбудсманига Д.Ж. исмли аёл мурожаат қилиб, 13 ёшли ўғли (2011 йилда туғилган) Гулистон шаҳридаги дўкондан нарса харид қилиб, QR-кодли чек сўрагани учун сотувчи болани ҳақоратлаб, бир неча бор унинг юзига урганини билдирган ҳамда сотувчига қонуний чора кўришни сўраган.
Видеода сотувчи боланинг чап юз қисмига урганини ва чекни унинг юзига қарата улоқтирганини кўриш мумкин.
Келтирилишича, Болалар омбудсмани сўрови асосида ички ишлар органлари томонидан болага нисбатан содир этилган қонунга зид ҳаракат ўрганилмоқда. Бу борада қўшимча маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 13 яшар болани Damas автомашинаси ичида оёғидан кишанлаб қўйган мактаб ўқитувчиси 4 йилга қамалгани хабар қилинганди.