Мирзиёев ва Хурэлсух музокара ўтказди
Жамият
−
24 Июнь
3238Бугун, 24 июнь куни Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, хавфсизлик соҳасида алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, яқинда Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг расмий очилиши бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Музокара давомида Мўғулистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлаган биринчи давлатлардан бири бўлгани ва тегишли баённомани имзолагани қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига 5-10 баробарга ошириш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Бундан ташқари, Мирзиёев ўрта муддатли Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Шу билан бирга, Қирғизистон ва Хитой орқали ўтадиган транспорт йўлакларини биргаликда таҳлил қилиш таклиф қилинди.
Маълумот учун, бугун Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари икки мамлакат бизнес доиралари вакиллари билан учрашув ўтказадилар. Эртага Тошкентда машҳур “Морин Хуур” мўғул оркестри иштирокида санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўксаройда Мўғулистон Президенти расмий кутиб олингани ҳақида хабар берилганди.