Доғистондаги теракт. Ҳозиргача нималар маълум?
Олам
−
24 Июнь
19472Кеча, 23 июнь куни кечқурун Доғистонда иккита теракт содир бўлди. Жангарилар бир вақтнинг ўзида Махачқалъа ва Дарбандга ҳужум қилди. Бу ҳақда “Лента.ру” хабар берди.
Якшанба куни соат 18:00 атрофида қуролли шахслар томонидан ҳужум қилингани ҳақидаги биринчи хабарлар пайдо бўла бошлади. Ўшанда Дарбандда жангарилар автомат қуроллари билан Ленин кўчасидаги Биби Марям шафоати православ черковига ҳужум қилган. Ҳужум пайтида черковда маросим бўлиб ўтаётган эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жангарилар ичкарига бостириб кириб, фақат газ тўппончаси билан қуролланган қўриқчи Михаилни отиб ўққа тутган, сўнгра 66 ёшли руҳоний Николай Котелниковга пичоқ билан ҳужум қилган.
Дарбанддаги жангариларнинг яна бир нишони маҳаллий синагога бўлган: унга ўт қўйилган ва ёнғин тезда бутун бинони қамраб олган. Тахминан бир вақтнинг ўзида Махачқалъада Ермошкина кўчасидаги йўл полицияси постига ҳужум уюштирилди – бир полициячи ҳалок бўлди, яна олти нафари яраланди. Шундан сўнг Дарбанд ва Махачқалъа полицияси жангариларни қидириш ва йўқ қилишни бошлади.
Шу билан бирга, Махачқалъада православ черкови яқинида полиция билан отишма бўлиб ўтди, у ерда 19 киши ўз хавфсизлиги учун бино ичига қамалиб олган. Шу сабабли бир қатор Telegram-каналларида улар жангарилар гаровига айлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, бироқ кейинчалик бу маълумот республика Ички ишлар вазирлиги томонидан рад этилди.
Тахминан соат 22:00 да Доғистон муфтияти тўққиз киши теракт қурбони бўлганини, улардан етти нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эканлигини маълум қилди. Эҳтимол, ҳалок бўлган икки тинч аҳоли руҳоний Николай Котелников ва черков қўриқчиси бўлган.
Кейинроқ, соат 22:30 да Россия Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлганлардан бири шаҳар полиция бўлими бошлиғи эканлигини маълум қилди – у Дарбандда террорчилар билан отишма пайтида оғир жароҳатдан вафот этган. Доғистон муфтийлиги 25 киши жароҳатланганини айтди.
Тунги соат иккидан кейин Доғистон раҳбари Сергей Меликов теракт қурбонлари ҳақида янги маълумотларни тақдим этди: бу маълумотларга кўра, 15 дан ортиқ полициячи, шунингдек, бир неча тинч аҳоли жангарилар қўлларида ҳалок бўлган.
Шу билан бирга, интернетда 19 нафар ярадор рўйхати пайдо бўлди: Махачқалъада 3 нафар тинч аҳоли вакили ва 12 нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими турли даражада, Дарбандда эса тўрт нафар тинч фуқаро, улардан икки нафари шифохонага ётқизишни талаб қилмаган, шунингдек, икки нафар хавфсизлик ходими яраланган.
Тахминан соат 20:30 ларда Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси Махачқалъа ва Дарбанддаги ҳужумлар туфайли Доғистонда аксилтеррор операцияси режими жорий этилгани ҳақида хабар берди.
Ўз навбатида, Россия Тергов қўмитаси республикадаги қуролли ҳужумлар факти бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси (“Террорчилик акти”) билан жиноий иш қўзғатди.
Доғистон раҳбари Сергей Меликов минтақада тезкор штаб тузилганини маълум қилиб, маҳаллий аҳолини ваҳимага тушмасликка ва хотиржамликни сақлашга чақирди.
Тахминан 23:00 да Миллий аксилтеррор қўмита Дарбанддаги аксилтеррор операциясининг фаол босқичи тугаганини эълон қилди – унинг давомида иккита жангари йўқ қилинди. Тунги соат иккига яқин қўмита беш нафар террорчи зарарсизлантирилганини маълум қилди: уч нафари Махачқалъада ва иккитаси Дарбандда.
Айни пайтда Доғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Махачқалъада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тўрт нафар жангарини йўқ қилганини, улардан уч нафари қариндоши бўлганини маълум қилди. Доғистон раҳбари Сергей Меликов ҳам Доғистондаги аксилтеррор операцияси давомида олти нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилди.
Жангарилар орасида амалдорнинг ўғиллари ҳам бўлган
Махачқалъада йўқ қилинган жангарилар орасида Доғистоннинг Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Омаровнинг ўғиллари Усмон ва Одил Омаровлар ҳамда унинг жияни ҳам бор. Бу хабарлар пайдо бўлиши биланоқ, Омаров истеъфога чиқди.
Шундан сўнг, милиция ходимлари Омаровни қўлга олиш учун Серғоқали қишлоғига борган. Қишлоқ марказидаги майдонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бўлган машина номаълум шахслар томонидан ўққа тутилган, полициячилардан бири яраланган.
Бироқ, бу воқеага қарамай, Омаров ҳибсга олинди – Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари уни сўроқ қилишни бошлади ва амалдорнинг уйи тинтув қилинди.
Шу билан бирга, Омаровнинг яқин таниши Махачқалъага ҳужумда иштирок этган амалдорнинг ўғиллари яқин қариндошлари орқали ишга олиниши мумкинлигини айтди.