Сурхондарёда аттракционнинг ўриндиғи синиб, қулаб тушди. Жароҳатланганлар бор

Жамият

image

Кеча, 16 апрель куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги истироҳат боғида аттракцион троси узилиб кетиши оқибатида 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Термиз шаҳри "Тупроққўрғон" МФЙ Ҳаким Ат-Термизий кўчаси ёқасида жойлашган “TERMIZ AVENUE PARK" МЧЖга қарашли “BOLAJON” номли маданият ва  истироҳат боғида ўрнатилган "Қувноқ тепалик" аттракционида  4 кишилик ўриндиқ ерга қулаши оқибатида фуқаролар турли хил тан-жароҳати олган. 

Ўтказилган суриштирувлар натижасида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 18 апрелда рўйхатга олинган амалдаги “Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари" бузилиши ҳолатлари аниқланган. Жумладан:

  • ушбу боғдаги мазкур  аттракцион мавсум олдидан тўлиқ техник шаҳодат синовларидан ўтказилмаган (қоиданинг 4-боб,  28-банди);
  • аттракционни тайёрлаш ва уни техник текширувдан ўтказиш учун тақдим этиш аттракционларнинг соз ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган шахс тайинланмаган (қоиданинг 4-боб, 31-банди);
  • аттракционнинг мавсумга тайёрлиги тўғрисида далолатнома тузилмаган (қоиданинг 4-боб, 34-банди);

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 566-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ягона низомнинг 32-иловаси, 8-банди б-кичик банди маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, бошқа кўнгилочар масканларда ўрнатиладиган ва фойдаланиладиган аттракционлардан фойдаланиш бўйича – аттракциондан фойдаланиш учун  рухсатнома олмасдан ундан фойдаланилган.

“Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун Истироҳат боғлари аттракционларни назорат қилиш бўлими томонидан объектлар жойига чиқиб ўрганилади”, дейилади муносабатда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZга маълум қилишича, жароҳатланганлар 11 ва 15 ёшли қизлар ҳамда 27 ва 29 ёшли аёллар бўлган. Улардан икки нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган. Жароҳатланганлар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.

Райҳона Улканбаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Сурхондарё Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг