Жиззахда 33 минг аҳолига мўлжалланган атомчилар шаҳарчаси қурилади

Local

image

Жиззах вилоятида 200 гектар майдонда қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланган атомчилар шаҳарчаси қурилади. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда жорий йил 22-26 июнь кунлари МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси ўтказилиб, Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш ҳолатига юқори баҳо берилгани қайд этилган.

Станциянинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш доирасида 388 километр электр тармоқлари, 110 киловольтли подстанция, 21 километр ичимлик ва 120 километр техник сув қувурлари, 39,5 километр автомобиль ҳамда 11 километр темир йўл қурилади.

Давлат раҳбари ушбу объектлар қурилишида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60-70 фоиз даражасида таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтган.

Қурилиш даврида ишчи ва мутахассислар ҳамда уларнинг оилаларини муносиб яшаш шароити билан таъминлаш мақсадида атомчилар шаҳарчасини барпо этиш режаси ҳам кўриб чиқилган.

Икки юз гектар майдонда қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланган 10 мингга яқин, шу жумладан, биринчи босқичда 3 мингта хонадонли турар жойлар қурилиши кўзда тутилган.

Шаҳарчада энергия самарадор кўп қаватли уйлар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, дам олиш масканлари ҳамда кенг яшил ҳудудлар бўлади. Қурилишда замонавий иссиқлик ҳимояси, муқобил энергия ва “ақлли” ёритиш ечимларидан фойдаланилади.

Лойиҳани бошқариш ва техник назоратни кучайтириш, технологик ечимларни мустақил экспертизадан ўтказиш учун етакчи хорижий инжиниринг компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этиш таклифи билдирилган. Шунингдек, қарийб мингта соҳавий стандартни миллий тизимга мослаштириш ва амалиётга жорий этиш белгиланган.

Станцияни келгусида бошқарадиган юқори малакали операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини ҳозирдан мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланган.

Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Кореянинг етакчи олийгоҳларида магистратура ва аспирантурада таҳсилни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис мамлакатнинг тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.

“Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекциясининг вазифалари кенгайиб бораётганидан келиб чиқиб, уларнинг ташкилий ва кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаш таклифлари ҳам кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари атом станцияси ва атомчилар шаҳарчаси қурилишини юқори сифатда, хавфсиз ва белгиланган муддатларда амалга ошириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш, инфратузилма ҳамда кадрлар тайёрлаш ишларини уйғун ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахдаги атом электр станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этиши ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends