Жазирама, қурғоқчилик ва кучли жала: инсониятни синовли йил кутмоқда
Interesting
−
14:52 1776 3 minutes
Жорий йилдаги Эль-Ниньо барча кузатувлар тарихидаги энг кучлисига айланиши ҳамда қурғоқчилик, кучли жала ва бошқа экстремал об-ҳаво хавфини ошириши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотига (ЖМТ) таяниб, “Reuters” хабар берди.
ЖМТ прогнозига кўра, ҳодиса 2026 йилнинг охирига бориб ўз чўққисига етади. Мутахассислар унинг 2027 йилнинг февралигача сақланиб қолиш эҳтимолини қарийб 100 фоизга баҳоламоқда. Ташкилот илк бор бундай прогнозни юқори ишонч билан бермоқда.
“Агар бу тенденция сақланиб қолса, Эль-Ниньо кузатувларимиз бошланганидан бери энг кучлисига айланиши мумкин”, дейди ЖМТ бош котиби Селеста Сауло.
Маълумот учун, Эль-Ниньо – Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида экватор яқинидаги сиртқи сувларнинг даврий равишда исиб кетишидир. У ўртача 2 йилдан 7 йилгача бўлган оралиқда бир марта юзага келади ва одатда 12 ойгача давом этади. Доимий шамоллар сусайганда, илиқ сув шарққа қараб тарқалади. Бу ҳаво массаларининг ҳаракатини ва ёғингарчиликнинг тақсимланишини ўзгартиради: баъзи минтақаларда қурғоқчилик кучаяди, бошқаларида эса кучли ёмғирлар ёғади.
31 август ҳолатига кўра, Эль-Ниньо кузатув зонасида сув сиртининг ҳарорати кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан 2,6 даражага юқори бўлган. Сунъий йўлдош кузатувлари давридаги аввалги рекорд 2015 йилда қайд этилган – ўшанда меъёрдан ошиш 3,1 даражани ташкил этган. 14 та моделнинг ўртача прогнозига кўра, ноябрь ойида сув меъёрдан тахминан 4 даражага иссиқроқ бўлиши мумкин.
Агар прогноз ўз тасдиғини топса, жорий Эль-Ниньо камида охирги минг йилдаги энг кучлисига айланиши мумкин, деб ҳисоблайди иқлимшунос Зик Хаусфатер. Бу баҳолаш олимлар ўтмиш иқлимини қайта тиклашда фойдаланадиган маржонлар, дарахтларнинг йиллик ҳалқалари ва тарихий ҳужжатларни ўрганишга асосланган.
Эль-Ниньо табиий равишда юзага келади, бироқ иқлим ўзгариши билан боғлиқ океаннинг исиши унинг оқибатларини кучайтириши мумкин. Марказий Америкада бу ҳодиса аллақачон кенг кўламли ҳосил йўқотишларига ва оғир озиқ-овқат инқирозига олиб келган.
БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури баҳолашича, Эль-Ниньо туфайли 2027 йилнинг охирига бориб яна камида 49 миллион киши кескин озиқ-овқат танқислигига дуч келиши мумкин. Прогноз 45 та хавф остидаги мамлакатни қамраб олади. Энг оғир оқибатлар Марказий Американинг айрим ҳудудларида ва Африка жанубида кутилмоқда.
Эль-Ниньонинг глобал ҳароратга таъсири кечикиш билан намоён бўлади, шу сабабли у ҳодиса чўққиси ўтганидан кейин ҳам сақланиб қолади. 2023–2024 йиллардаги ҳолат 2024 йилнинг рекорд даражада иссиқ бўлишига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар дунё океанида кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳароратни қайд этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All