Жапаров халқ душманларини шафқатсиз жазолашга чақирди

World

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ташқи кучлардан пул олиб, мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганларни қаттиқ жазолашга чақирди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 29 август куни Ала-Тоо майдонида ШҲТ саммити ва VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган куч тузилмаларининг гарнизон кўрик-сафи чоғида сўз очди.

“Биз ташқи кучлар таъсирига берилиб, улардан пул олиб, мамлакатни ларзага келтирмоқчи ва аҳоли ўртасида ваҳима уруғини сочмоқчи бўлган орамиздаги кам сонли халқ душманларини қаттиққўллик билан жазолашимиз керак. Бундайларга шафқат бўлмайди”, дейди Садир Жапаров.

У мамлакат ривожланишининг асосий шарти “темир интизом” эканини таъкидлаб, куч тузилмаларидан юқори профессионаллик ва масъулиятни талаб қилган.

Президентнинг сўзларига кўра, халқаро тадбирлар вақтида жамоат тартибини сақлаш учун “Хавфсизлик” операцияси бошланган. Кучайтирилган режимда хизмат ўташга Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, прокуратура, Солиқ ва Божхона хизматлари, Жазони ижро этиш давлат хизмати, Чегара хизмати ва Суд департаментининг 15 минг нафар ходими жалб этилган.

Қирғизистон раҳбари куч тузилмаларига фуқаролар ва хорижий меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат жойларида ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликни топширган. 

Шу билан бирга, у ходимларни одамлар билан хушмуомалада бўлишга ва мурожаат қилган ҳар бир кишига тезкорлик билан ёрдам беришга чақирган.

“Бундай алоҳида шароитда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш шунчаки кундалик хизмат вазифаси эмас, балки давлат аҳамиятига эга катта масъулиятдир”, дейди Садир Жапаров.

Президент, шунингдек, куч тузилмаларига янги моддий-техник воситалар топширилишини маълум қилган. У уларнинг моддий базаси мустаҳкамлангани, ходимларнинг иш ҳақи оширилгани, ижтимоий қўллаб-қувватлаш кенгайтирилгани ва рақамли технологиялар жорий этилганини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров мамлакат ёшларини аҳил-иноқликни сақлашга ва ўтган йиллардаги сиёсий ва мансабдор шахсларнинг хатоларини такрорламасликка чақирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends