Жанубий Кореяда 10 йилдан бери илк бор вабо қайд этилди
World
−
14:52 300 2 minutes
Жанубий Кореяда 2016 йилдан бери биринчи марта вабо касаллиги аниқланди. Мамлакат соғлиқни сақлаш идоралари аҳолини эҳтиёт чораларига риоя қилиш, фақат хавфсиз сув истеъмол қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини яхшилаб ювишга чақирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, Жанубий Корея касалликларни назорат қилиш ва профилактика агентлиги мамлакат жануби-шарқидаги Чангвон порт шаҳридаги шифохонанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилган беморда вабо касаллигини тасдиқлаган. Унда қайт қилиш ва ич кетиши аломатлари кузатилган.
Беморнинг шахси ошкор этилмаган. У жорий йилнинг 17 ноябрь куни соғайиб, шифохонадан чиқарилган. Маълум бўлишича, у сўнгги 2 ой давомида хорижга сафар қилмаган. Ҳозирда мутахассислар инфекция манбасини ва бемор билан алоқада бўлган шахсларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатда бунга қадар вабо ҳолати 2016 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда ифлосланган денгиз маҳсулотлари сабаб бўлгани тахмин қилинган 3 та ҳолат аниқланган. 2001 йилда эса мамлакатда касалликнинг йирик тарқалиши кузатилиб, камида 162 киши касалланган.
Вабо асосан ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали юқади. Шунингдек, касалланган одамнинг ахлати ёки қусуғи билан алоқа қилиш орқали ҳам тарқалиши мумкин. Касалликнинг энг кўп учрайдиган белгиси ич кетиши бўлиб, оғир ҳолатларда организм сувсизланиши ва шок ҳолати юзага келиши мумкин. Ўз вақтида даволанмаса, бу ўлимга ҳам олиб келиши эҳтимоли бор.
Шу муносабат билан соғлиқни сақлаш идоралари аҳолига фақат хавфсиз сув ичиш, таомларни яхшилаб пишириш, мева ва сабзавотларни ювиш ҳамда пўстини арчишни тавсия қилди. Тиббиёт муассасаларига эса касалликка шубҳа қилинган ҳолатларни зудлик билан текшириш ва тегишли идораларга хабар бериш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига Сибирнинг Иркутск шаҳрида ўлат илмий-тадқиқот институти лаборанти вафот этганидан сўнг ўлат ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилган эди.
Live
All