Ўзбекистонда Эркаклар қўмитасини тузиш таклиф этилди

Local

image

Кеча, 5 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Оила энциклопедияси” ҳамда “Хотин-қизлар энциклопедияси” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.  Унда иштирок этган эксперт Жамила Шермуҳамедова Ўзбекистонда “Эркаклар энциклопедияси” яратиш ва Эркаклар қўмитасини тузиш ҳақида таклифларни билдирди. 

“Оилавий ажримлар ҳақида гапирганда республикамиздаги кўрсаткичларни Европа давлатларидаги билан таққослаш, ўзимизни овутиш, мақташ, айбларимизни хаспўшлаш тўғри эмас. Муаммоларнинг ичига кириб боришимиз керак. Ажримларнинг сабабларини аниқлашимиз, шу бўйича чоралар кўришимиз лозим. Бизда оила миллий қадриятлар ва шарқона маданият пойдеворига қурилади. Айнан мазкур ақидалар билан суғорилган китобларни кўпайтиришимиз керак. Менинг таклифларим бор: келинглар, “Эркаклар энциклопедияси”ни яратайлик. Оилада эркакнинг, отанинг ўрнини кўтармас эканмиз, у ҳақда китоблар ёзиб, мақомини улуғламас эканмиз, оила механизмидаги айрим элементлар яхши ишламайди, ажримлар сони ортаверади. Ёшларга болалигидан оилада ўғиллик бурчи, оталик вазифалари, эрлик масъулияти ҳақида билим бериш зарур. Бу ҳаёт-мамот масаласи. Мен ҳатто Ўзбекистон Эркаклар қўмитасини тузиш таклифи ҳам жиддий ўйлаб кўришга арзийди, деб ҳисоблайман”, деган Жамила Шермуҳамедова.

“Оила энциклопедияси” ҳамда “Хотин-қизлар энциклопедияси” китоблари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида чоп этилган.

“Ёшлар онгида оилавий ҳаёт кўникмаларини шакллантиришда мана шундай замонавий адабиётлар муҳим аҳамият касб этади. Бу энциклопедиялар республикамиздаги барча маҳаллага кириб бориши керак”, дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова.

Тадбирда янги қомусий мажмуалар “фаровон оила — фаровон жамият” концепциясига хизмат қилиши айтилди. Қизлар учун “Қизлар китоби”, келинлар учун “Келиннома” каби энциклопедиялар яратилгани, ҳозир янги тайёрланган “Аёллар энциклопедияси” нашрга топширилгани, яқин кунларда босмахонадан чиқиши ҳақида маълумот берилди.
 


Rate Count

34

Rating

2.9

Rate this article

Share with your friends

News on the topic