Европадаги алғов-далғов, бразилянча сайлов ва Путин ҳузурига яна бир ташриф
Review
−
15:18 896 19 minutes
Бразилияда сайловлар бутун дунёнинг эътиборида. Бир-бирининг уруғ-аймоғигача ҳақоратлаган икки номзоднинг жонли эфирдаги дебатлари шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Мамлакат эса катта танлов ёқасида турибди: бир номзод АҚШ томон, бошқаси эса Хитой...
Уиткофф яна Путин ҳузурида. Ушбу ташриф Шарқий Европадаги уруш вазиятини енгиллаштириши мумкин. Музокаралар муваффақиятли бўлгани айтилмоқда, аммо ким учун? Украина ёки Трампнинг шахсий манфаатлари учунми?
Ўзбекистондан Ҳиндистонга. Рубионинг сафар йўналишидаги иккинчи нуқта – Ҳиндистон. Деҳлининг Москва билан яқинлашуви фонида амалга оширилган ушбу ташриф давомида нималарга келишилди? Рубио нима истайди? Вашингтон ва Деҳли ўртасидаги алоқалар қайси томонга силжиди?
Европа аланга ичида. Бутун қитъани қамраб олган намойишлар ва турли давлатлардаги инсонларнинг турфа ташвишлари.
Бразилияда сайловлар
Одатда сиёсий шов-шувлардан панада қоладиган Бразилия бугун интригага бой президентлик сайловлари билан бутун дунё муҳокамасига тушган. 4 октябрь куни бўлиб ўтган биринчи босқичда собиқ президент Жаир Болсонаронинг ўғли Флавио Болсонаро амалдаги давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силвадан кўпроқ овоз тўплади. Бу натижа шунчаки икки сиёсатчи ўртасидаги рақобат эмас, балки Бразилия ичида кечаётган мафкуравий курашнинг аксидир. Бир томонда мустақил ва BRICS доирасида фаол амалдаги президент, бошқа томонда эса АҚШ билан яқин бўлган сенатор.
Бразилияда президентлик сайловларининг биринчи босқичи мамлакат сиёсатидаги ўнг қанот кучларининг таъсири кутилганидан анча юқори эканини кўрсатди. Амалдаги президент Луис Инасиу Лула да Силва сайловда ғалаба қозониш учун асосий фаворитлардан бири сифатида кўрилган бўлса-да, 4 октябрь куни ўтказилган овоз беришда унинг рақиби, собиқ президент Жаир Болсонаронинг ўғли Флавио Болсонаро олдинга чиқди. Энди икки номзод 25 октябрь куни бўлиб ўтадиган иккинчи босқичда мамлакат президентлиги учун курашади. Бироқ жараённинг энг қизғин қисми томонларнинг сайловолди кампанияси, иқтисодий ислоҳотлари, ижтимоий сиёсати ва ташқи алоқалар бўйича аниқ таклифлари эмас, балки ўзаро коррупция айбловлари, шахсий ҳақоратлар ва сиёсий рақибларнинг ўтмишини муҳокама қилиш билан кўпроқ шов-шувларга сабаб бўлмоқда.
Биринчи босқич натижаларига кўра, Флавио Болсонаро ҳақиқий овозларнинг қарийб 47 фоизини, Лула эса 45 фоизга яқинини олди. Шу тариқа, Флавио кўплаб сўровномаларда қайд этилган кутилмалардан юқори натижа кўрсатди. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган номзодлар эса мос равишда тахминан 4 ва 3 фоиз овоз тўплади. Уларнинг тарафдорлари иккинчи босқичда кимни қўллаб-қувватлаши сайлов натижасига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Америка қитъаси жамияти (AS/COA) таҳлилига кўра, Флавио Болсонаронинг муваффақияти фақат унинг шахсий сиёсий фаолияти билан изоҳланмайди. Бу, аввало, отаси Жаир Болсонаро атрофида шаклланган сиёсий ҳаракат – болсонаризмнинг сақланиб қолган таъсирини кўрсатади. Флавио 56 миллиондан ортиқ сайловчининг овозини олган. Унинг Либерал партияси (PL) ҳам парламент сайловларида сезиларли муваффақиятга эришиб, Депутатлар палатасидаги 513 ўриндан 121 тасини қўлга киритган. Сенатда эса партия ўз вакиллигини 9 тадан 28 тага ошириб, энг йирик сиёсий гуруҳга айланган эди. Бу натижалар президентлик сайлови кимнинг фойдасига якунланишидан қатъи назар, мамлакатда ўнг қанот кучларининг сиёсий таъсири сақланиб қолишини англатади.
Бироқ сайлов кампаниясининг энг шов-шувли қисми номзодларнинг теледебатларида кечмоқда. 18 октябрь куни Сан-Паулуда бўлиб ўтган қарийб икки соатлик илк юзма-юз баҳсда Лула ва Флавио Болсонаро бир-бирини коррупция, ёлғончилик ва сиёсий манфаатларни кўзлашда айблади.
“Мен Бразилия халқига бу мамлакатдаги ўғри ва коррупционерлар аслида кимлигини кўрсатишга тайёрман. Унинг (Болсонаронинг) ўз банк ва телефон ҳисоботларини ошкор қилишга журъати етадими-йўқми, шуни кўрмоқчиман”, деди Лула.
Баҳснинг энг кескин лаҳзаларидан бирида Лула ҳар икки номзоднинг ҳам шахсий молиявий операцияларини текширишни таклиф қилиб, сайловгача шубҳали маблағлар масаласига ойдинлик киритишга чақирган. Флавио эса рақибининг коррупция билан боғлиқ ўтмишини тилга олиб, унинг президентлик давридаги фаолиятини танқид қилган. У тўртинчи бор президентликка интилаётган Лулани “Сенинг давринг ўтди, Бразилия аллақачон сени нафақага чиқариб юбориши керак эди”, деган мазмунда масхара қилган.
Амалдаги президент эса ўз навбатида, Флавионинг АҚШ президенти Дональд Трампга яқинлигини ва Бразилиянинг стратегик фойдали қазилмаларига оид сиёсатини савол остига қўйди. У Болсонарони Бразилия ресурсларини АҚШга топшириш йўлида тил бириктирганликда айблади. Айрим жавоблар шахсий ҳақорат даражасига тушиб кетди: баҳс давомида рақиблар бир-бирининг сиёсий мероси ва оиласини ҳам нишонга олди. Ҳатто Флавио кекса Лулани “тўққиз бармоқ” деб масхара қилган, аммо президентнинг раддиясидан сўнг узр сўрашга мажбур бўлган.
“Лула, агар сени “тўққиз бармоқ” деб хафа қилган бўлсам, унда чин дилдан узр сўрайман, чин дилдан. Аммо менга бир нарса қизиқ: сен қачондир хавфсизликдан азият чекаётган бразилияликлардан... қарзга ботганлардан узр сўрайсанми?” деган у.
Лула фабрикада токарлик станоги оператори бўлиб ишлаётган пайтида бахтсиз ҳодиса туфайли чап қўлидаги жимжилоқ бармоғини йўқотган. Шу туфайли халқ орасида унинг “тўққиз бармоқ” лақаби кенг тарқалган. Аммо буни теледебатда сенаторнинг айтиши ҳеч қандай протокол қоидаларига ҳам, одоб-ахлоқ нормаларига ҳам тўғри келмас эди. Лула ҳам Болсонарога сайловлар ўтиб бўлгач, унинг дахлсизлиги тугашини, шунда уни қаматишини ваъда қилган.
Томонларнинг ички сиёсат масаласида ҳам фикрлари турлича. Лула ижтимоий ҳимоя, тенгсизликни камайтириш ва халқаро ҳамкорликни диверсификация қилишни таъкидлайди. Флавио Болсонаро эса хавфсизлик, коррупцияга қарши курашиш ва мамлакат бюджетини қисқартиришни устувор йўналиш сифатида кўрсатади.
“Royal United Service Institute” (RUSI) ташкилоти таҳлилига кўра, Лула ғалаба қозонса, мамлакат ташқи сиёсатида стратегик мустақиллик, кўп томонлама дипломатия ва Хитой билан ҳамкорликни давом эттиришга урғу берилиши кутилмоқда. Флавио Болсонаро президент бўлган тақдирда эса Вашингтон билан яқинлашиш, АҚШ билан савдо ва хавфсизлик алоқаларини кенгайтириш эҳтимоли юқори. Шунга қарамай, Бразилиянинг Хитой ва АҚШ билан иқтисодий алоқалари ҳар қандай янги ҳукумат учун муҳим бўлиб қолади.
Қисқа қилиб айтганда, Бразилия президентлиги учун бошланган сайловлар бугун бутун дунё эътиборида. Бир томонда Лотин Америкасидаги энг катта ва бой давлатнинг геосиёсий ўйинлардаги позицияси турган бўлса, бошқа томонда жонли эфирда кечаётган ва ҳеч бир ток-шоу ёки ҳажвий кўрсатувлардан қолишмайдиган дебатлар турибди.
Уиткофф Москвада нима қилмоқда?
Украинадаги урушни тугатиш учун яна бир дипломатик уриниш. АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф 21 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан қарийб уч соат музокара ўтказди. Учрашувдан сўнг Москва АҚШ ва Украина билан уч томонлама музокараларни қайта бошлашга принципиал розилик билдирган. Шу куни Россияда тўрт йилдан ортиқ вақт давомида қамоқда сақланган америкалик Стивен Хаббард ҳам озод қилинди. Бироқ дипломатик фаоллик кучайгани билан, Кремлнинг урушни тўхтатиш шартлари ўзгаргани йўқ.
21 октябрь куни Санкт-Петербургдаги Константин саройида бўлиб ўтган учрашув Москва вақти билан тахминан соат 11:55 да бошланган ва қарийб уч соат давом этган. Россия томонидан музокараларда президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамда хорижий давлатлар билан инвестициявий-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил Кирилл Дмитриев қатнашгани айтилмоқда. АҚШ делегациясига Стив Уиткофф бошчилик қилди. Трампнинг куёви ва музокаралардаги иштирокчиси Жаред Кушнер эса касаллиги сабабли учрашувга шахсан келмаган, аммо видеомулоқот орқали қатнашган. Маълумотларга кўра, музокараларнинг асосий мавзуси Украинадаги урушни тугатиш бўйича дипломатик жараённи қайта жонлантириш бўлган.
Уиткофф Россияга келишидан бир кун олдин, 20 октябрда Норвегиянинг Осло шаҳрида Украина президенти Владимир Зеленский ва Европа вакиллари билан учрашган эди. Музокараларда Норвегия бош вазири Йонас Гар Стере, Финляндия президенти Александр Стубб ҳамда Европа давлатлари ва НАТО вакиллари ҳам қатнашган. АҚШ расмийсининг Reuters агентлигига билдирган маълумотига кўра, томонлар хавфсизлик кафолатлари, урушдан кейинги иқтисодий тикланиш ва Европанинг келажакдаги хавфсизлик архитектурасини ўз ичига олган кенг қамровли тинчлик келишуви доирасини муҳокама қилган. Вашингтон бу учрашувда ишлаб чиқилган таклифларни Россия томонига етказиш ва музокараларни давом эттиришга умид қилган.
Уиткоффнинг Путин билан суҳбатида Осло учрашувида эришилган натижалар ҳам муҳокама қилинган. АҚШ элчиси музокараларни конструктив деб баҳолаб, урушни тугатиш бўйича бир нечта ҳужжат ва таклифларни Россия раҳбарига тақдим этганини айтди. Унинг таъкидлашича, навбатдаги қадам АҚШ, Россия ва Украина иштирокидаги уч томонлама музокараларни техник даражада қайта бошлаш бўлиши керак. Бундай форматда мутахассислар ва музокара гуруҳлари келишувнинг амалий тафсилотларини ишлаб чиқиши мумкин.
“Ҳали муҳим ишлар қилиниши керак бўлса-да, президент Трамп бу урушнинг тугашини кўришга ва келажак авлодлар учун хавфсизлик ва фаровонликни таъминлайдиган кенг қамровли, мустаҳкам тинчликка эришишга содиқ қолмоқда”, деб баёнот берган у.
Россия ҳам уч томонлама мулоқотни қайта бошлашга принципиал розилик билдиргани айтилмоқда. Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков музокаралар ноябрь ойининг 10-санаси атрофида қайта бошланиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, учрашув Абу-Дабида ўтказилиши эҳтимоли бор. Бироқ бу ҳозирча якуний тинчлик келишуви ёки жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича битим эмас, балки музокара жараёнини қайта йўлга қўйишга қаратилган келишувдир. Кремль Осло шаҳридаги учрашувларда муҳокама қилинган таклифлардан қониқмаганини ҳам билдирган. Бу эса Вашингтон, Москва ва Киев ўртасидаги позициялар ҳануз сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатади.
Музокаралардаги асосий тўсиқ – Россиянинг ҳудудий ва хавфсизлик талабларидир. Москва Донецк вилояти устидан тўлиқ назорат ўрнатишни, Украинанинг НАТОга аъзо бўлмаслигини ҳамда вақтинчалик сулҳ билан чекланмайдиган кенг қамровли тинчлик келишувини талаб қилиб келмоқда. Киев учун эса ҳудудий яхлитликни сақлаш ва келажакда Россия ҳужумининг такрорланишига йўл қўймайдиган хавфсизлик кафолатларини олиш муҳим. Шу сабабли, музокараларни қайта бошлаш пичоққа илинадиган натижага олиб келади, дейиш ҳали қийин.
Учрашувнинг энг кўзга кўринган воқеаларидан бири эса 74 ёшли америкалик Стивен Хаббарднинг озод қилиниши бўлди. Собиқ ўқитувчи 2022 йил апрелида Украина шарқида Россия кучлари томонидан қўлга олинган ва кейинчалик Украина армияси сафида ёлланма жангчи сифатида қатнашганликда айбланиб, Россияда олти йилга озодликдан маҳрум этилган эди. АҚШ унинг ноқонуний равишда ушлаб турилганини таъкидлаб келган. Дональд Трамп Путин билан аввалги мулоқотида Хаббардни озод қилиш масаласини шахсан кўтарганини билдирди. Россия фуқарони маҳбуслар алмашинувисиз озод қилганини эълон қилган. Трамп эса бунинг эвазига АҚШ ҳеч қандай ён беришга мажбур бўлмаганини айтмоқда. Аммо дизель келишуви ва санкцияларни юмшатишни етарлича ён бериш деб ҳисоблаётганлар ҳам йўқ эмас.
Россия ва АҚШ ўртасида дизель ёқилғиси етказиб беришни қайта бошлаш бўйича келишув ушбу учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. The Guardian маълумотига кўра, Россия томони дастлабки қарийб 300 минг тонна дизель ёқилғисини АҚШга жўнатиш режасини билдирган. Бундан ташқари, Путин Россия АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятларни юмшатишга кўмаклашиши мумкинлигини айтган. У Москванинг Теҳрон билан узоқ йиллик алоқаларини воситачилик учун имконият сифатида кўрсатмоқда. Шунингдек, Россия, АҚШ ва Хитой раҳбарларининг ноябрь ойида Хитойда эҳтимолий учрашуви масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Шундай қилиб, Уиткоффнинг 21 октябрдаги ташрифи ҳозирча урушни тугатадиган келишувга эмас, дипломатик жараённи қайта ҳаракатга келтиришга хизмат қилди. Томонлар ноябрь ойида техник даражадаги уч томонлама музокараларни бошлаш имкониятини муҳокама қилмоқда. Аммо ҳудудий талаблар, Украинанинг келажакдаги хавфсизлиги ва Россиянинг урушни якунлаш шартлари бўйича тафовутлар сақланиб қолмоқда. Хаббарднинг озод этилиши ва иқтисодий алоқаларнинг қайта тикланиши Москва билан Вашингтон ўртасидаги мулоқотни яхшиламоқда, холос – Украинадаги вазиятни эмас.
Энди Рубио Ҳиндистонда
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистонга ташрифидан сўнг тўғри Ҳиндистонга йўл олди. Хўш, бугун дунёда тўртинчи йирик иқтисодиёт мақомига даъвогарлик қилиб келаётган Ҳиндистонга ташриф ортида қандай мақсадлар турибди?
Самарқандга уюштирилган шов-шувли ташрифдан сўнг АҚШ давлат котиби Ҳиндистонга йўл олди. 20 октябрь куни Мумбайда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар билан учрашган Рубио 21 октябрь куни Гужарат штатидаги Жамнагар шаҳрида «Reliance Industries» компаниясининг нефтьни қайта ишлаш мажмуасига ташриф буюрди. Бу эса ташрифда, аввало, Россия билан ёқилғи савдоси бўйича келишувга алоҳида эътибор қаратилганини кўрсатар эди.
Сўнгги ойларда АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг тариф сиёсати ва Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилиши икки давлат муносабатларида кескинлик келтириб чиқарган эди. Вашингтон Россия энергетика секторига босимни кучайтириш мақсадида Москва билан савдо қилувчи давлатларга қўшимча тарифлар жорий этиш имкониятини кўриб чиқди. Бироқ 16 октябрь куни Россия нефтини харид қилувчи мамлакатларга нисбатан айрим тариф ва санкция чораларини қўллаш вақтинча тўхтатилди. Рубио 19 октябрь куни Ўзбекистонда журналистлар билан суҳбатда Ҳиндистон билан савдо келишувини якунлаш жараёни ҳам ушбу қарорда ҳисобга олинганини билдирди. Унинг таъкидлашича, АҚШ ташқи сиёсатида Россия – Украина уруши муҳим омил бўлса-да, бошқа давлатларнинг энергетик эҳтиёжлари ва икки томонлама иқтисодий муносабатларини ҳам ҳисобга олиш керак.
20 октябрь куни Жайшанкар билан учрашувдан кейин Рубио Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги савдо келишуви деярли тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатни якунлаш учун оз сонли масалалар қолган ва келишув яқин ҳафталарда имзоланиши мумкин. Бироқ ташриф давомида савдо битими имзолангани ҳақида расмий хабар берилмади.
Рубионинг Жамнагар шаҳрига ташрифи эса сафарнинг иқтисодий жиҳатдан энг муҳим нуқталаридан бири бўлди. «Reliance Industries» компаниясига қарашли мажмуа кунига қарийб 1,4 миллион баррель нефтьни қайта ишлаш қувватига эга. Бу кўрсаткич Ҳиндистоннинг нафақат энергия истеъмолчиси, балки жаҳон бозорига катта ҳажмда қайта ишланган нефть маҳсулотлари етказиб берувчи давлат сифатидаги мавқеини кўрсатади. Рубио Ҳиндистонни нефтьни қайта ишлаш соҳасидаги “суперкуч” деб таърифлади. Унинг айтишича, Вашингтон “Reliance” компаниясининг Венесуэла нефтини қайта ишлаш имкониятларидан ҳам фойдаланишни муҳокама қилмоқда. Компания оғир нефть турларини қайта ишлашга мослаштирилган инфратузилмага эга бўлгани сабабли, Венесуэла ишлаб чиқаришини кенгайтириш режаларида муҳим роль ўйнаши мумкин.
Шубҳасиз, бу ташаббус ортида бир нечта манфаат мужассам. Бугун Венесуэла нефти де-факто АҚШ қўлида ва унинг жаҳон бозорига кўпроқ чиқиши Вашингтон учун фойдали. Ҳиндистон эса энергия импорти манбаларини диверсификация қилиш ва ички талабни қондиришга интилмоқда. Шу билан бирга, “Reliance” компаниясининг Техасда янги нефтьни қайта ишлаш лойиҳасига сармоя киритиш режалари ҳам Вашингтон эътиборида. Бундай ҳамкорлик Ҳиндистоннинг қайта ишлаш имкониятларини АҚШнинг энергетика стратегияси билан боғлашга хизмат қилиши мумкин.
“Ҳиндистонда оғир нефтьни қайта ишлаш қуввати ва имконияти бор. Буни илгари ҳам қилишган ва ўйлайманки, Венесуэла нефти бозорга кўпроқ кириб келгани сари, бу Ҳиндистон қила оладиган ишга айланади. Нефтьни қайта ишлаш қуввати – бу фақат нефть қазиб олишнинг ўзи дегани эмас. Ўйлайманки, сўнгги бир неча ой ичида энергетика соҳаси мутахассисига айланган кўплаб одамлар ушбу низоли вазият сабабли энди тушуниб етишяпти: нефтьни қайта ишлаш имконияти – бу масаланинг энг асосий ва ҳал қилувчи қисмидир. Ҳиндистон эса нефтьни қайта ишлаш бўйича супердавлатдир ва уларда буни амалга ошириш салоҳияти бор”, деди Рубио журналистларга.
Ҳиндистоннинг Россия билан энергетик алоқалари эса Рубионинг ташрифи ортидаги энг нозик масала бўлиб қолмоқда. Украина уруши бошланганидан кейин Деҳли чегирмали Россия нефтини харид қилишни оширди. Бу Ҳиндистон учун энергия хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатлар билан боғлиқ қарор бўлди. Амалда мамлакат хом нефть эҳтиёжининг 85 фоиздан ортиғини импорт ҳисобидан қоплайди. Шу сабабли, Россия нефтидан бирданига воз кечиш Ҳиндистон учун иқтисодий харажатларни ошириши мумкин. Ҳиндистон ҳукумати ҳам энергия хавфсизлигини таъминлашда импорт манбаларини диверсификация қилиш ва бозор шароитларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда.
Рубио Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилишини алоҳида масала сифатида эмас, балки мамлакатнинг умумий энергетик сиёсати доирасида кўриб чиқиш кераклигини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, Деҳли энергия манбаларини диверсификация қилиш бўйича сезиларли қадамлар ташлаган ва Вашингтон бу жараённи қўллаб-қувватлайди.
Ҳиндистон учун эса бу вазият Москва ва Вашингтон ўртасидаги рақобатдан ўз манфаатлари йўлида устамонлик билан фойдаланиш имкониятини беради. Деҳли Россия билан энергия савдосини давом эттирган ҳолда АҚШ билан мудофаа, технология ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Бу Ҳиндистоннинг анъанавий стратегик мустақиллик сиёсатига мос келади: мамлакат турли куч марказлари билан алоқаларни бир-бирига тўлиқ бўйсундирмасдан ривожлантиришга ҳаракат қилади.
The Indian Express таҳририяти Рубионинг сафарига икки томонлама муносабатларни қайта тиклаш учун ижобий сигнал сифатида баҳо берди. Бироқ нашр АҚШнинг Россия нефтига оид тариф сиёсати ўзгариб туриши Ҳиндистон учун ноаниқлик яратишини ҳам қайд этган.
Мухтасар қилиб айтганда, Рубио Ҳиндистонда АҚШ манфаатларини сақлаб қолишга ва ўзаро савдонинг фойдали бўлишига мамлакат ҳукуматини ишонтиришга ҳаракат қилди. Деҳли эса на Москва, на Вашингтонни танламоқда – аксинча, улар ўртасидаги рақобатдан ўз фойдаси йўлида фойдаланмоқда.
Европа узра ёнган аланга
Европада кузги салқинликка қарамай, сиёсий ва ижтимоий ҳаёт том маънода ёнмоқда. Францияда ярим миллионга яқин одам кўчаларга чиқди, Италияда намойишлар полиция билан тўқнашувлар ва талон-торожларга айланди, Испанияда эса бир кампирнинг уйидан чиқарилиши бутун мамлакатдаги уй-жой инқирозининг рамзига айланди. Португалияда ижара нархлари, Бельгияда таълим ва бюджет қисқартиришлари, Албанияда эса коррупция норозиликларни кучайтирмоқда.
Францияда норозиликлар сентябрь ойи охирида мактаб ўқувчиларининг таълим шароитларига қарши чиқишлари билан бошланган эди. Ўқувчилар ўқитувчилар етишмаслиги, эскирган синфхоналар, узоқ ўқув соатлари ва университетларга қабул тизимининг шаффоф эмаслигидан норози эди. Айрим мактабларда ўқитувчиларнинг бўш иш ўринлари тўлдирилмагани сабабли ўқувчилар бир неча ой дарслардан маҳрум бўлаётгани айтилди. Кейинчалик норозиликлар таълим тизими доирасидан чиқиб, турмуш нархининг ошиши, ёқилғи қимматлашиши, иш ҳақи ва пенсиялар масаласини ҳам қамраб олди. Франциянинг йирик касаба уюшмаларидан бири – Умумий меҳнат конфедерацияси (CGT) намойишчилар талабларини қўллаб-қувватлади.
17 октябрь куни Францияда намойишлар энг юқори нуқтага чиқди. The Guardian маълумотига кўра, кўчаларга қарийб 500 минг киши чиққан. Бироқ тинч намойишлар ортынан айрим шаҳарларда зўравонлик, биноларни талаш ва ёнғинлар кузатилди. Парижда савдо нуқталари ва ресторанларга зарар етказилган, полиция билан тўқнашувлар юз берган. Вазият шу қадар кескинлашдики, мамлакат ҳукумати айрим ҳудудларда чекланган комендантлик соатларини жорий этиш масаласини кўриб чиқди.
Президент Эммануэль Макрон тинч намойишчиларнинг талабларини тартибсизлик уюштирувчиларидан ажратиш кераклигини таъкидламоқда. Ҳукумат эса мактабларда 3 минг нафар қўшимча ўқитувчи ишга жалб этилишини, ўқувчилар таълимга оид қарорларни муҳокама қилишда кўпроқ иштирок этишини маълум қилган. Келгуси йил учун режалаштирилган айрим университет тўловларини ошириш таклифи ҳам бекор қилинган. Шунга қарамай, норозиликлар тўхтагани йўқ: Францияда 2027 йил апрелида президентлик сайловлари ўтказилиши кутилаётган бир пайтда, Макрон учун ижтимоий норозилик сиёсий муаммога ҳам айланмоқда.
Испанияда эса норозиликларнинг марказида таълим эмас, уй-жой масаласи турибди. Сентябрь ойида 87 ёшли Марикармен Абаскалнинг яшаб келган уйидан чиқарилиши жамоатчиликнинг кескин муносабатига сабаб бўлди. Инвестиция фонди уй учун ижара ҳақини 230 фоизга оширган, кекса аёл эса янги нархни тўлай олмаган. У уйидан айрилганидан тахминан икки ҳафта ўтиб, шифохонада вафот этган. Бу воқеа ижара нархларининг кескин ўсиши ва аҳолининг уй-жойга эга бўлиш имконияти тобора қисқараётганини кўрсатувчи рамзга айланди ва оммани оёққа турғазди. Намойишчилар ижара ҳақини музлатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни уйдан чиқаришни чеклаш ва қисқа муддатли ижара бозорини тартибга солишни талаб қилмоқда.
Бош вазир Педро Санчес ҳукумати 2030 йилгача айрим кўчиришларни тақиқлаш ва вақтинчалик ижара бозорини тартибга солишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини илгари сурди. Бироқ парламентдаги ўнг қанот ва ўта ўнг партиялар қаршилиги сабабли ташаббус амалга ошмади. Натижада Санчес ислоҳотларни амалга ошириш учун кенгроқ прогрессив кўпчилик зарурлигини айтиб, 29 ноябрь куни муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилди. Уй-жой инқирози шу тариқа кўча норозилигидан парламентдаги сиёсий кураш даражасига кўтарилди. Испаниялик уй-жой фаоллари эса босимни давом эттириш ниятида: улар 11 ноябрь куни умумий иш ташлаш ўтказишни режалаштирмоқда.
“Тенгсизликни камайтириш учун зарур бўлган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун биз элитага қарши туришга, ижтимоий тараққиётни янада ривожлантиришга ва Испанияни ўзгартиришни давом эттиришга қодир бўлган анча кенгроқ, прогрессив парламент кўпчилигини сафарбар қилишимиз ва таъминлашимиз керак”, деди у.
Португалияда ҳам вазият Испанияникидан кескин фарқ қилмайди. 18 октябрь атрофида Лиссабон марказида юзлаб одамлар уй-жой нархларининг ошишига қарши намойишга чиқди. Расмий маълумотларга кўра, 2015–2024 йилларда Португалияда уй-жой нархлари икки баравардан кўпроқ ошган. Бу ўсиш Европа Иттифоқидаги ўртача кўрсаткичдан қарийб икки баравар тез бўлган. Ёшлар ва кам даромадли оилалар учун уй сотиб олиш ёки ижарага олиш тобора қийинлашмоқда. Намойишчилар ҳукуматдан ижара бозорини тартибга солиш, уй-жой таклифини кўпайтириш ва аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилишни талаб қилмоқда. Муаммо шундаки, уй-жой қурилишини кенгайтириш вақт талаб қилади, нархларнинг ўсиши эса ҳозирнинг ўзида оилалар бюджетига босим ўтказмоқда.
Бельгияда ҳам таълим тизими ва бюджет сиёсатига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Француз тилида сўзлашувчи ҳудудларда ўқувчилар 1 октябрдан бошлаб французиялик тенгдошларини қўллаб-қувватлаб, кўчаларга чиқди. 9 октябрь куни бюджет қисқартиришларига қарши иш ташлаш ва намойишларда ўн минглаб одамлар қатнашди. 17 октябрда эса турмуш харажатларининг ошишига қарши юришлар ташкил этилди, айрим жойларда полиция билан тўқнашувлар юз берди. Бельгиядаги норозиликлар ижтимоий харажатларни қисқартириш сиёсати ва давлат хизматлари сифати бўйича хавотирлар билан боғлиқ.
Италияда эса ижтимоий норозиликлар кўча тартибсизликлари билан аралашиб кетди. Милан, Турин ва Болонья шаҳарларида намойишчилар ҳамда полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилди. Миланда айрим ниқобли гуруҳлар полицияга тошлар ва йўл қопламаси бўлакларини улоқтирди, кўча тўсиқларига ўт қўйди. Айрим савдо нуқталари талон-торож қилинди. Бироқ бу воқеаларни барча намойишчиларга тааллуқли деб бўлмайди: талабалар ва касаба уюшмалари вакилларининг асосий талаблари таълим шароитларини яхшилаш, яшаш харажатларини камайтириш ва давлат хизматларини молиялаштириш билан боғлиқ.
Албанияда эса норозиликлар бош вазир Эди Рама ҳукуматига қарши қаратилган. Намойишчилар коррупция, иш ўринларининг етишмаслиги ва таълим сифати пастлигидан норози. Ҳаракатнинг илдизлари ёз ойларига бориб тақалади. Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан боғлиқ қимматбаҳо қирғоқбўйи қурилиш лойиҳаси ҳам ҳукуматга қарши норозиликни кучайтирган омиллардан бири бўлди. Октябрь ойида талабалар ва ёшлар норозиликларда фаол қатнашишни бошлади. Бу ерда иқтисодий муаммолар билан бирга давлат бошқаруви, манфаатлар тўқнашуви ва сиёсий жавобгарлик масалалари ҳам кўтарилмоқда.
Шундай қилиб, инсон ҳуқуқлари ва либерализм билан мақтаниб келган Европа бугун ижтимоий ҳаётдаги тенгсизликлар ва муаммолар ботқоғига ботиб қолган. Аҳоли арзонроқ нархлар ва ижтимоий ҳимоя истамоқда. Қаердадир муаммо таълимда бўлса, яна қаердадир уй-жой нархларида.
Ижтимоий тармоқларда эса бундай кенг кўламли ҳаракатлар ортида ташқи манфаатлар бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Баъзи нашрлар Россиянинг қўли борлиги, Украинага ёрдам берган Европага Москва шу тариқа жавоб қайтараётгани ҳақида ёзса, бошқа манбалар буни Исроил ҳукумати билан боғламоқда. Аммо конспирологик қарашларни бир четга суриб, вазиятга холис назар билан қаралса, ташқаридан жозибали кўринувчи Европа ҳаёти аслида ўзига хос муаммолар ва камчиликларга тўла эканини кўриш мумкин.
Live
All