Европа Россияни НАТО ҳаво ҳудудини бузишдан кескин огоҳлантирди
World
−
26 September 2025 4871 2 minutes
Европа дипломатлари Кремлни НАТО ҳаво ҳудудининг кейинги бузилишига кескин жавоб беришга, жумладан, Россия самолётларини уриб туширишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Москвада ўтган учрашувда Буюк Британия, Франция ва Германия вакиллари Россиянинг MiG-31 қирувчи самолётлари Эстония ҳаво ҳудудига бостириб кирганидан хавотир билдирган. Суҳбатдан сўнг улар қоидабузарлик рус қўмондонлари томонидан атайлаб қилинган тактика бўлган, деган хулосага келган.
Шунингдек, НАТО ҳаво ҳудудига Россия дронлари бостириб кирса, НАТОга аъзо давлатлар ўзининг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ва хавфсизлиги таҳдид остида деб ҳисоблаши таъкидланган.
Россия расмийлари ўз самолётларининг Эстония ҳаво ҳудудига ўтганини рад этган ва дронларнинг Польша ҳудудига ўтиб кетиши хатолик эканлигини айтган. Шунингдек, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳарбий парвозларда халқаро қоидаларга амал қилишини айтган.
Нашрнинг ёзишича, музокаралар давомида россиялик дипломат ҳаво ҳудудининг бузилиши Украинанинг аннексия қилинган Қримга ҳужум қилаётганига реакция бўлганини айтган. Таъкидланишича, бу операциялар НАТО кўмагисиз амалга оширилмайди ва бунинг оқибатида Россия аллақачон Европа давлатлари билан қарама-қаршиликка учраган.
Германия ҳукумати расмийси учрашувда Москвага босқинларни тўхтатиш кераклиги айтилганини тасдиқлаган. Буюк Британия ва Франция вакиллари учрашув ҳақида изоҳ бермаган.
“Агар НАТО Россия самолётини альянс ҳаво ҳудудини бузиш баҳонасида уриб туширса, бу уруш дегани”, деб айтган Россиянинг Франциядаги элчиси Алексей Мешков.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп агар НАТО давлатлари Россия нефтини сотиб олишни тўхтатса, у Россияга қарши “жиддий санкциялар” қўйишга тайёр экани ҳақида айтган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
AllPutin To'qaev bilan ham telefonlashdi
21 September
Qashqadaryoda 2300 yillik ossuariy topildi
21 September
Szinpin 10 yil deganda birinchi marta AQShga boradi
21 September
Shavkat Mirziyoev Vladimir Putinga maktub yo'lladi
21 September