Японияда юз ёшдан катта аҳоли сони рекорд даражада кўпайди
World
−
18:42 639 2 minutes
Японияда тарихий рекорд қайд этилди: 100 ёшдан ошган аҳоли сони илк бор 100 минг кишидан ошди. Бу ҳақда “The Straits Times” хабар берди.
Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган янги ҳисоботга кўра, мамлакатдаги узоқ умр кўрувчилар сони 107 677 кишига етган. Бу ўтган ўн йилликларга нисбатан ушбу демографик гуруҳнинг сезиларли даражада ўсганини кўрсатади: бу каби ҳисоб-китоблар илк бор бошланган 1963 йилда мамлакатда атиги 153 нафар 100 ёшдан ошган фуқаро яшаган бўлса, 1998 йилда уларнинг сони 10 мингга яқинлашган. Шу билан бирга, ушбу ёш тоифасидаги аҳолининг акасарият қисмини – тахминан 88 фоизини аёллар ташкил этади.
Рекорд даражадаги кўрсаткичлар сифатли соғлиқни сақлаш тизими, ривожланган тиббиёт, тўғри овқатланиш ва фаол турмуш тарзи эвазига эришилган Япониянинг умр кўриш давомийлиги бўйича етакчилигини яна бир бор намойиш этади. Ҳозирда мамлакатдаги энг кекса инсон Киотода яшовчи 114 ёшли аёл ҳисобланади. Баъзи кекса японлар фаол турмуш тарзини олиб боришда, спорт билан шуғулланишда ва ҳатто қишлоқ хўжалиги ҳамда телевидениеда меҳнат қилишда давом этмоқда.
Бироқ миллатнинг жадал қариши давлат молия тизимига жиддий оғирлик туширмоқда. Мамлакатнинг 40 миллионга яқин фуқароси пенсия тўловларини олади, туғилиш даражасининг пасайиши фонида эса ёш меҳнатга лаёқатли аҳоли сони муттасил камайиб бормоқда. Ортиб бораётган пенсия ва тиббий хизмат эҳтиёжларини таъминлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинги молия йили бюджетидан тахминан 33,7 триллион иена сўраган, бу эса умумий талабномалар ҳажмининг тўртдан бир қисмини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олимлар Ер аҳолисини 2 баравар қисқартиришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All