Ямаль фаолиятидаги энг узун “қуруқ” серияни қайд этди

Sport

image

“Барселона” ва Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ламин Ямаль кетма-кет саккизта ўйинда гол ура олмади ва голли узатма ҳам амалга оширмади. Бу узоқ давом этаётган серия футболчининг профессионал фаолиятидаги гол ва голли узатмасиз ўтказган энг узун серияси бўлди. Бу ҳақда “The Touchline” нашри хабар берди.

Кеча, 27 август куни “Барселона” Ла Лиганинг 2026-2027 йилги мавсумидаги биринчи ўйинида “Атлетик Бильбао”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Аввалги еттита учрашувида бўлгани каби, бу сафар ҳам 19 ёшли Ямаль гол ура олмади ва голли узатма бермади.

У учрашув давомида рақиб дарвозаси томон етти марта зарба йўллади, уларнинг учтаси аниқ бўлди. Ямаль сўнгги бор жорий йилнинг 21 июнь куни гол урган эди. Ўшанда у 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Саудия Арабистонига қарши баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қилган.

Маълумот учун, Ламин Ямаль “Барселона” сафида 2023 йилнинг апрель ойида дебют қилган. Шундан бери у каталонияликлар либосида 153 та учрашувда майдонга тушиб, 49 та гол урди ва 52 та голли узатмани амалга оширди.

Ямаль “Барселона” билан уч марта Испания чемпиони бўлди, бир марта Испания кубоги ва икки марта Испания Суперкубогини қўлга киритди. У Испания миллий терма жамоаси сафида 33 та учрашувда майдонга тушиб, еттита гол урган. Терма жамоа билан Ямаль Евро-2024 ғолиби бўлди, 2025 йилги Миллатлар лигаси финалига чиқди ва 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Барселона” футболчиси Ламин Ямаль ва унинг севгилиси Инес Гарсия билан бирга яшай бошлагани ҳақида хабар берилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends