Яқин қариндошларни рўйхатга қўйишда “квадрат метр” талаби бекор қилинади
Local
−
15:51 1229 2 minutes
Ўзбекистонда яқин қариндошларни рўйхатга олишда уй майдони бўйича чеклов бекор қилинади. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, ушбу ҳужжат аҳолини яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлашга қаратилган.
Қонун лойиҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ таъминлашга қаратилган учта муҳим янгилик назарда тутилмоқда. Хусусан, оила аъзолари ва яқин қариндошлари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда.
Яъни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги назарда тутиляпти. Бу эса оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишни енгиллаштиришга хизмат қилади.
Лойиҳада талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабаларга нисбатан алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этилиб, уларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги ҳам белгиланмоқда. Бу эса олий таълим муассасаларида талабаларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мавжуд амалий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва зарурати ҳақида алоҳида тўхталиб, ундаги айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирган. Ушбу ҳужжат аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларини янада содда ва қулай қилишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
Live
All