ЎзЛиДеП лойиҳаси доирасида Хоразмнинг чекка маҳаллаларида 3000 дан зиёд тадбиркор аёл кашф этилди

Business

Reklama
0:00

Хоразмнинг чекка маҳаллаларида ҳам ўз ишини йўлга қўйган, оиласи даромадини ошираётган, янги иш ўринлари яратаётган аёллар бор. Фақат уларнинг барчаси ҳам ўз фаолиятини кенг жамоатчиликка намойиш этиш имконига эга эмас.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида “Ишбилармон аёл” танлови ана шундай тадбиркорларни излаб топиш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Бу сафар танловнинг Хоразм вилояти босқичида натижалар эътиборга молик. 500 дан ортиқ маҳалла ва тадбиркорлик субъектларида ўтказилган саралашларда 3054 нафардан зиёд ишбилармон хотин-қизлар иштирок этди. Улар орасидан 13 нафар тадбиркор аёл вилоят босқичига йўлланма олди.

Эътиборлиси, танлов фақат йирик шаҳарларда фаолият юритаётган тадбиркорларни эмас, маҳаллаларда ўз меҳнати билан иш бошлаган хотин-қизларни ҳам кенг майдонга олиб чиқмоқда. Кимдир меҳмонхона бизнесини ривожлантиряпти, кимдир фермерлик билан шуғулланмоқда, яна кимдир тўқимачилик ва маҳаллий ишлаб чиқариш орқали янги иш ўринлари яратмоқда.

Вилоят босқичида Хива шаҳридаги “Khiva Plaza” МЧЖ раҳбари Лола Мирзаева биринчи ўринни эгаллади. Унинг корхонасида 150 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Иккинчи ўринни “Шовот-Қумтепа” фермер хўжалиги раҳбари Ойчеҳра Тоҳирова эгаллади. У раҳбарлик қилаётган хўжаликда шифобахш гиёҳлар етиштириш йўлга қўйилган.

Учинчи ўринга сазовор бўлган “Маржона текстил” МЧЖ раҳбари Дилафрўз Бекжанова эса 70 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаган. Корхона ўтган йили Россияга 200 минг АҚШ долларлик болалар кийимларини экспорт қилган.

Бу рақамлар ортида оддий бир ҳақиқат бор: тадбиркорлик салоҳияти фақат катта шаҳарларда эмас, ҳар бир маҳаллада бор. Уни топиш, қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш муҳим.

“Ишбилармон аёл” танлови орқали ана шу салоҳиятни юзага чиқариш, маҳаллаларда ўз бизнесини йўлга қўйган хотин-қизларни кенг жамоатчиликка танитиш ва уларнинг тажрибасини бошқаларга намуна қилишга эътибор қаратилмоқда.


Author

Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends