“Ўзбеклар иши” доирасида қамалиб, оқланган генерал-майор Талъат Сатторов вафот этди
Local
−
10:03 3608 2 minutes
1986 йилда Гдлян бошчилигидаги тергов гуруҳининг “Пахта иши” айбловлари доирасида қамалиб, қарийб 3 йил панжара ортида ўтирган ва кейинчалик оқланган генерал-майор Талъат Сатторов 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълумот учун, Талъат Сатторов 1955 йил 10 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилди. Отаси Субҳон ота қурилиш ташкилотида раҳбарлик лавозимида ишлаган. Онаси Мунаввара ая ўқитувчи бўлган. 1972 йилда у ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатиб, йигитлик бурчини ўтаб қайтган. Шундан сўнг Талъат Сатторов ёшлар ташкилотининг йўлланмаси билан Тошкент шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлимида оддий милиционер вазифасида фаолиятини бошлаган. Қарийб уч йил давомида ушбу соҳанинг сир-асрорларини ўрганган.
Кейинроқ ИИВ Тошкент Олий мактабининг кундузги бўлимига ўқишга кириб, 1982 йил мазкур таълим муассасасини муваффақиятли тамомлаган. Тошкент шаҳар ИИБ ЖҚБда, 1983 йилдан эса ИИВ Транспорт бошқармасида ва ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматларида фаолиятини давом эттирган.
У Гдлян бошчилигидаги тергов гуруҳининг сохта бўҳтонлари ортидан 1986 йил ҳибсга олиниб, умрининг қарийб уч йилини қамоқда ўтказган. Кейинроқ гдлянчилар томонидан қўйилган сохта айблов иши Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Талъат Сатторовга етказилган моддий ва маънавий зарар тўлиқ ундирилиб, Олий суднинг ажрими билан у ички ишлар органларига хизматга тикланган.
У 1995-1997 йилларда Сирдарё тумани ИИБ бошлиғи, 1997-1998 йилларда эса вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Кейинчалик Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган. 2005 йилда унга кўп йиллик самарали хизмати, фидойилиги ва ташаббускорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан II даражали “Шон-шараф” ордени ва 2010 йилда “генерал майор” махсус унвони берилган.
Live
All