Ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқларга қанча вақт сарфлаши ўрганилди
Local
−
15:36 755 3 minutes
Ўзбекистонда махсус сўровномада қатнашган аҳолининг 88,9 фоизи Telegram’дан, 73,5 фоизи Instagram’дан, 61,8 фоизи эса YouTube’дан фойдаланиши маълум бўлди. Бу ҳақда “Юксалиш” ҳаракатининг “Opinions” социологик тадқиқотлар маркази Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотда келтирилган.
Қайд этилишича, “Ижтимоий тармоқлар даврида ҳаёт” мавзусида сўров ўтказилган. Унда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидан 1 371 нафар респондент иштирок этган. Сўровда қатнашганларнинг 88,9 фоизи Telegram’дан фойдаланишини билдирган. Бу 1 219 нафар респондентни ташкил этади. Instagram’дан фойдаланадиганлар 73,5 фоиз, YouTube’дан фойдаланувчилар 61,8 фоиз бўлган. Facebook’дан фойдаланишини билдирганлар эса 24,7 фоизни ташкил этган.
Респондентларнинг аксарияти ижтимоий тармоқлардан аввало яқинлари билан мулоқот қилиш учун фойдаланади. 69,9 фоиз дўстлари ва оила аъзолари билан алоқа қилишни, 64 фоиз янгиликларни кузатишни мақсад қилган.
Шунингдек, 43,8 фоиз таълим олиш, 42,2 фоиз кўнгилочар контент кўриш, 40,6 фоиз эса даромад топиш ёки касбий мақсадларда фойдаланишини билдирган. Ушбу саволда бир нечта жавобни танлаш имконияти берилган.
Иш ёки ўқиш кунларида респондентларнинг 37,3 фоизи ижтимоий тармоқларда кунига 2 соатдан кўпроқ вақт ўтказишини айтган. 12,4 фоиз эса кунига 4 соатдан ортиқ вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайди. Дам олиш кунларида 4 соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиганлар улуши 19,7 фоизга етган.
Респондентларнинг 57 фоизи ижтимоий тармоқларда ўтказаётган вақтини меъёрида деб ҳисоблаган бўлса, 33,4 фоизи уларда керагидан кўпроқ қолиб кетаётганини тан олган.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтини камайтиришга уринганларнинг 61 фоизи бунга эришган. 23,9 фоиз респондент эса вақтини қисқартира олмаган. 28 фоиз иштирокчи эса бундай эҳтиёж сезмаслигини билдирган.
Сўров иштирокчиларининг 62,2 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уйқусига таъсир қилишини билдирган. 18 ёш ва ундан катталарнинг 58,1 фоизи ижтимоий тармоқлар иш ёки кундалик вазифаларига халақит беришини қайд этган.
Бу таъсир ўсмирлар орасида янада юқори кўрсаткичда қайд этилган. 13–17 ёшли респондентларнинг 74,4 фоизи ижтимоий тармоқлар уйқусига таъсир қилишини билдирган. Уларнинг қарийб тўртдан уч қисми эса ижтимоий тармоқлар ўқиш ёки уй вазифаларига халақит беришини айтган.
Ўсмирларнинг 66,7 фоизи ота-онаси ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини доимий назорат қилишини билдирган. 28,2 фоиз ота-онаси баъзан назорат қилишини, 5,1 фоиз эса умуман назорат қилинмаслигини қайд этган.
Тадқиқотда ижтимоий тармоқларга кўп вақт ажратиш фақат ўқувчи ва талабалар орасида учрамаслиги ҳам кўринган. Кунига 2 соатдан ортиқ вақт сарфлайдиганлар улуши нафақадагилар орасида 54 фоиз, уй-рўзғор ишлари билан банд респондентларда 43,7 фоизни ташкил этган.
Мактаб ўқувчиларининг 27,3 фоизи, талабаларнинг эса 32,7 фоизи ижтимоий тармоқларда кунига 2 соатдан ортиқ вақт ўтказишини билдирган. Респондентларнинг 30,1 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда энг катта муаммо сифатида ортиқча вақт сарфлашни кўрсатган. 18,6 фоиз сохта ёки ишончсиз ахборотдан, 13,2 фоиз эса фирибгарлик ва шахсий маълумотларнинг тарқалишидан хавотир билдирган.
Бундан ташқари, 6,9 фоиз респондент уйқу ва саломатликка таъсирни, яна 6,9 фоиз оила аъзолари ўртасидаги мулоқотнинг камайишини муаммо сифатида кўрсатган. 4,2 фоиз эса ҳақорат ва тазйиқни қайд этган. 8,5 фоиз респондент эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳеч қандай муаммо кўрмаслигини билдирган.
“Юксалиш” ҳаракати тадқиқот натижаларига асосланиб, ижтимоий тармоқлардан онгли, хавфсиз ва меъёрида фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 10 ёш ва ундан катта аҳолининг 97,3 фоизи интернетдан фойдаланаётгани маълум бўлган эди.
Live
All