Боғча ва мактабдаги номус фожиаси, қидирувга берилган икки банкир, Ўзбекистонга кутилаётган пул оқими, оқланган генерал – Ҳафта таҳлили
Review
−
09:28 978 14 minutes
Ўзбекистонга йирик пул оқими кириб келиши кутиляпти, Саида Мирзиёева АҚШда “BlackRock” раҳбарияти билан учрашди. Наманганда 5 яшар қиз боғча ходими томонидан зўрланди, жамоатчилик ўлим жазосини тиклашни сўрамоқда. Икки банкир Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди, улардан бири Лондондан алоқага чиқди. Коррупцияда айбланган собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев оқланди ва тизимга қайтди, фақат бошқа лавозимга. Яна икки мансобдор устидан суд бошланди. “Taftish.uz” журналистлари ва ДХХнинг собиқ мулозимларига суд ҳукми ўқилди. Ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим воқеалар тафсилоти билан Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сонида танишасиз.
Намангандаги давлат боғчасида бола зўрланди. 5 яшар қизалоқ. Ҳали оқ-қорани танимаган, ҳаётни тушунмаган қизчанинг бутун ҳаёти зулматга айланди. Боғчада омбор мудири бўлиб ишлаган ўша мараз кимса зўрлади уни. Айбдор фақат у эмас, ҳаммамиз, жамият, давлат. Боғча мудирасидан тортиб, тарбиячисигача, сиз-у менгача. Биз Ғазода бошидан дрон учиб ўтаётган, Эронда қуролли ҳужумга учраётган болалар тақдирини мисол қилиб, гўё шукрни ўргатиб, уларникидан кам бўлмаган бир умрлик зулматни беряпмиз ўша жажжиларга.
Ким қизалоқ бир марта эмас, муттасил зўрлаб келинганини айтса, яна кимдир бу иш тарбиячи боғча мудирасининг уйига унинг уй юмушларини бажаргани кетган вақтда содир бўлганини айтмоқда.
Албатта, масъул идоралар жим тургани йўқ. Гумонланаётган шахс процессуал тартибда қўлга олинди. Наманган вилояти Учқўрғон тумани Ички ишлар бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хўш, ушбу жиноятда гумонланаётган шахсга нисбатан айблов ўз тасдиғини топса уни қандай жазо кутяпти? Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми санкциясига кўра, 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси. Бундай тоифадаги жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташ билан боғлиқ енгилликлар қўлланилмайди. 112-модданинг 1-қисми санкциясига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Бор-йўғи шу! 5 яшар қизалоқнинг бутун ҳаёти барбод бўляпти, керак бўлса бир оиланинг номусига кўз олайтириляпти, оқибати эса 15–20 йил. Шунинг ўзи ҳам болаларга оид жиноятлар учун жазолар, кодексдаги санкциялар маънан эскирганини кўрсатяпти.
Ҳа, бизда ўлим жазоси йўқ. Ҳа, бундай жиноятларга нисбатан умрбод қамоқ жазоси белгиланмаган. Кастрация масаласини-ку муҳокама қилиб, натижасигача етиб боролмадик. Камаймади болаларни зўрлаш, яширилаётган бўлиши мумкин, лекин камаймаяпти, кўзлари очилмаяпти, кўзимиз очилмаяпти.
Санкцияларни жиноятнинг турлари, содир этилиши билан боғлиқ ҳолатлар ва қаерда содир этилганига кўра белгилаш бўйича янги тартибларни ишлаб чиқишни, замонавий ўзгаришлар ва таҳдид, хавф-хатарларни инобатга олишни тақозо этяпти сўнгги воқеликнинг, боғчадаги ҳолатнинг ўзи. Бу қонун чиқарувчилар учун муҳим сигнал бўлиши керак!
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса, жамоатчилик эътирозларидан кейин баёнот билан чиқиб, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилгани ва республика бўйлаб барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилаётгани ва зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.
“Воқеага алоқадор ҳамда ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган тизимдаги барча ходимлар ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли ташкилотлар ваколати доирасида зарур чоралар кўрилиши, айбдорлар жазоланиши таъминланади.
Таълим ташкилотининг воқеага дахлдор деб гумон қилинган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган”.
Биз Ўзбекистонда педофилларга қарши курашни кўчадаги бегоналардан эмас, боғча ва мактабларда давлатдан маош олиб ишлаётган баъзи кимсалардан бошлашимиз керак чоғи. Намангандаги боғчада содир бўлган воқеа кўзимизни қонга тўлдирган бир пайтда Тошкент шаҳрида мактаб қўриқлаш хизмати ходими 6-синфда ўқийдиган қизга нисбатан шилқимлик қилди. Яна қаерда? Давлат мактабида.
QALAMPIR.UZ танишган суд ҳужжатида қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 15 сентябрь куни соат 15:30 лар атрофида Шайхонтоҳур туманидаги мактаблардан бирида содир бўлган. Мазкур мактабда шартнома асосида қўриқлаш хизмати ходими бўлиб ишловчи 23 ёшли шахс 6-синф ўқувчисининг олдига бориб, унинг белидан ушлаган ва лабидан ўпган. Хуллас, қўриқлашда ишлаган шахснинг ўзидан бошқаларни қўриқлаш керак.
Унинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми билан малакаланиб, судга юборилган. Бироқ Шайхонтоҳур тумани Жиноят ишлари бўйича суди иш материалларини ўрганиб, ҳолат юзасидан текширув тўлиқ ўтказилмаганини аниқлаган.
Суднинг қайд этишича, қўриқчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 129-моддасида (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигига аниқлик киритилмаган. Қолаверса, вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган ҳаракатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Суд қайта суриштирув давомида иш ҳолатлари ҳар томонлама ўрганилиши, йигитчанинг ҳаракатларида жиноят аломатларининг бор-йўқлиги аниқланиши ва жиноят таркиби мавжуд бўлса, унга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлигини белгилаган.
Шу сабабли маъмурий иш ҳужжатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси (материалларни прокурорга топшириш) тартибида Шайхонтоҳур туман прокуратурасига юборилган.
Энди бу ишларни муҳокама қилаётган жамоатчилик, тергов қилаётган масъулдан тортиб, прокуроргача, суддан тортиб, котибгача ўзини ўша қизларнинг ота-оналари ўрнига қўйиб кўрсин. Ҳа, дарвоқе қандай бўлишидан қатъи назар бояги педофиллар ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига ҳам эга, қизиғи қайси виждонли адвокат уларни ҳимоя қилар экан?
2025 йилнинг ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани айтилган Қаҳрамонжон Олимовнинг ўзи одам ўғирлашда айбланмоқда. У халқаро қидирувга берилгани ҳақидаги ахборот ўтган ҳафта Латвиянинг “The Insider” нашрида пайдо бўлган эди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу хабарни тарқатишда ушбу нашрга таянди. Қаҳрамонжон Олимов 2020 йилда ташкил этилган “Анорбанк”нинг акциядори ҳисобланади. У Банк сайтида кўрсатилганидек, асосий бошқарув органи бўлган Кузатув кенгаши аъзоси. “Анорбанк” Қаҳрамонжон Олимовнинг қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кўп ўтмай, баёнот билан чиқиб, гап банк, унинг капитали, бошқаруви ёки операцион фаолиятига алоқадор бўлмаган акциядорлардан бирининг шахсий масалалари ҳақида кетаётганини урғулади. Шу ўринда савол туғилади: ҳатто, банкнинг расмий сайтида раҳбарият бўлимида Кузатув кенгаши аъзоси сифатида кўрсатилган Олимовни қанақасига банкка алоқадор эмас дейиш мумкин? “Анорбанк” эса Олимовга алоқадор масалаларни Банк фаолияти билан аралаштириш нотўғри ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир, демоқда.
“Мазкур масала юзасидан Банкка ҳеч қандай расмий тасдиқ ёки сўров келиб тушмаган. Турли манбаларда тарқатилаётган маълумотлар расмий маълумотлар билан тасдиқланмаган ва ваколатли органлар томонидан тасдиқланган далилларга асосланмаган.
Мижозлар, ҳамкорлар ва жамоатчиликни текширилмаган ҳамда аноним манбалар томонидан тарқатилаётган материалларга танқидий ёндашишга ва фақат расмий манбалар томонидан тасдиқланган ишончли маълумотларга таянишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Ҳа, “Анорбанк” ушбу баёнот билан чиққан вақтда Интерпол сайтида Қаҳрамонжон Олимовга оид қидирув хабарномасини топиш имконсиз эди. Аммо, шу ҳафта 49 яшар Олимовнинг ҳақиқатдан ҳам қидирувга берилгани тасдиқланди. Интерпол сайтида Қаҳрамонжон Олимовнинг қидирилаётганига оид қизил билдиришнома пайдо бўлди.
Ҳозирча Олимовнинг нима сабабдан қидирувга берилгани ва унинг Жиноят кодексининг қайси моддалари билан айбланаётгани, қидрув ортида қандай гумонлар ва унинг иқтисодий низолари, собиқ шериги Ботир Раҳимов билан боғлиқ можаролар, ўзининг Францияда ўғирлаб кетилиши ҳақидаги ҳикояларга тўхтаймиз, зотан булар ҳақида бир неча мақолалар эълон қилинган, уларни топиб ўқишингиз мумкин.
Ҳозир эса шу ҳафта қидирувга берилган яна бошқа банкир ҳақида гаплашсак. Фарғоналик тадбиркор, Madad Invest Bank’ининг собиқ йирик акциядори ва кузатув кенгаши раиси Мўминжон Йўлдошев ҳам Ўзбекистон сўровига асосан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди.
Қайд этилишича, тадбиркор Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбланмоқда.
Мўминжон Йўлдошев қурилиш ва тўқимачилик соҳаларидаги қатор бизнесларга эгалик қилган. У Madad Invest Bank’да йирик акциядор бўлиш билан бирга, банк кузатув кенгашига ҳам раҳбарлик қилган.
Мўминжон Йўлдошев BBC’га интервью бериб, 6 ойдирки, Лондонда яшаётгани ва Англия Ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраганини айтиб чиқди. У айни вақтда Кореяга мигрантларни юбориш билан боғлиқ 90 миллион долларлик коррупцион “схема” бўйича айбланаётган ДХХнинг собиқ мулозими Алижон Ашуровнинг қудаси экани ва унга нисбатан айбловларга қудаси ортидан қўйилаётганини билдирган.
Йил бошидан буён коррупцияда айбланиб, лавозимидан озод этилган ва диққат марказида бўлиб турган собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев янги лавозимга тайинланди. Энди у Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси – қисқа қилиб айтганда, РУВД бошлиғи.
2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилганди. Унинг истеъфоси сабаблари 3 ойгача очиқланмади. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди.
Шу йилнинг апрель ойи ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.
Жорий йилнинг 29 июль куни Бекмурод Абдуллаев, Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят ишини судда кўриш бошланди. Бироқ, унда шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлиги сабабли суд ёпиқ ўтказилди. Суд якунлари бўйича эса расмий маълумот берилмади. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсуновга қўйилган айбловлар ўз исботини топмаган ва улар оқланган.
Бу орада генарал-майор Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсуновдан вазирликда бўшаган ўринларни бошқалар эгаллаб бўлган.
Йил бошида Президент томонидан ўтказилган йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Абдувалиевич Ғаниев ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Юнусжон Насимжоновни ўша куннинг ўзида ишдан олиш ва фаолиятига ҳуқуқий баҳо беришни топширган эди.
Орадан 8 ой ўтиб, Ғаниев ва Насимжоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ва иш судга оширилгани маълум бўлди. 21 сентябрь куни уларга оид ишни судда кўриш бошланди.
2021 йилдан 2026 йилгача Тошкент шаҳар солиқ бошқармасини бошқарган Насимжоновга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Ғаниев эса Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми “в” ва “г” банди билан айбланмоқда.
24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди “Taftish.uz” таҳририяти ходимлари ва ДХХнинг ОАВ фаолиятини назорат қилувчи бошқармаси собиқ зобитларига нисбатан ҳукм ўқиди.
Уларга 4 йил 1 ойдан 10 йил 6 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Хусусан, таҳририят раҳбари Ғайрат Абераев 10 йил 6 ойга, журналист Маржона Эшқувватова 4 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Шунингдек, таҳририятнинг яна икки нафар вакили ҳамда ДХХнинг собиқ ходимлари 10 йилдан ортиқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Улар туҳмат, ҳақорат, фирибгарлик, товламачилик сингари жиноятларда айбланган. Ёпиқ суд мажлисининг ҳукмига кўра, судланувчилар жазо муддатларини умумий тартибдаги колонияларда ўтайди.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик Моҳираъно Мелиева доридан заҳарланиш оқибатида вафот этди.
Қайд этилишича, аёл касаллик даврида уй шароитида норасмий шифокорлар кўмагида даволанган. Даволаниш жараёнида қабул қилинган дори воситаларининг ножўя таъсири оқибатида беморнинг аҳволи оғирлашиб, қонида инфекция ривожланган ҳамда организмида кучли реакция кузатилган. Шунга қарамай, у ўз вақтида шифохонага олиб борилмаган ва уй шароитида даволаш давом эттирилган.
Беморнинг аҳволи жиддий тус олгач, у дастлаб Мармара шифохонасига олиб борилган. Мазкур тиббиёт муассасасида беморни жонлантириш бўлимига жойлаштириш имконияти бўлмагани сабабли у Картал туман шифохонасига кўчирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий муолажаларга қарамай, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Марҳуманинг жасади Ўзбекистонга қайтарилди.
Жорий йилнинг август ойи охирида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги илк бор Хитойда ишлаб чиқарилган ва қуролланишга қабул қилинган J-10CE қирувчи самолётлари акс этган видеони эълон қилган эди. Ўзбекистон Покистондан кейин ушбу қирувчи самолётларнинг иккинчи хорижий буюртмачисига айланди. Турли даврларда Жазоир, Бангладеш, Миср, Индонезия ва Судан ҳам ушбу самолётларга қизиқиш билдирган.
Ушбу самолётлар Хитойда ишлаб чиқарилган J-10 қирувчиларининг экспорт версияси – J-10CE ҳисобланади. Самолётларнинг Ўзбекистонга етказиб берилиши учинчи мамлакатларга қарши қаратилмаган. Бу ҳақда тугаётган ҳафтада Хитой Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Цзян Бинь сўз очди.
“Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги, шунингдек, икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги муносабатлар дўстона хусусиятга эга. Томонлар ўртасида ҳарбий савдо соҳасидаги ҳамкорликнинг меъёрий ривожланиши халқаро ҳуқуқ ва халқаро амалиётга мос келади ҳамда башарти бирор-бир учинчи томонга қарши қаратилмаган”, дейди у.
Ўзбекистон иккинчи маъмурият даврида жанговар тайёргарлик, мудофаа соҳасини модеренизация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатда “Tarlon” ва “Qalqon” кўп мақсадли зирҳли автомобиллари, шунингдек, енгил совутланган тактик машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ҳарбий ва фуқаролик мақсадларига мўлжалланган “Lochin” номли дронлар ва разведкачи пилотсиз аппаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Оғир жанговар техникалар, авиация, ракета ҳамда ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари асосан импорт қилинади.
Мамлакат Туркиянинг “Bayraktar TB2” разведка-зарбдор дронларини харид қилди ва улар ҳозирда чегараларни қўриқлаш ҳамда жанговар навбатчиликда қўлланилмоқда. Шунингдек, Туркиянинг TUSAŞ компанияси ишлаб чиқарган ANKA оғир учувчисиз авиация комплексларини етказиб бериш бўйича ҳам келишувларга эришилган. Бразилиянинг Embraer компанияси ишлаб чиқарган “C-390 Millennium” ҳарбий-транспорт самолётларини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган.
Сентябрь ойида Сербияга илк давлат ташрифини амалга оширган Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакат Президенти Александр Вучич биргаликда баллистик ракета ишлаб чиқаришни таклиф қилди, бироқ Ўзбекистон ушбу таклифга қандай жавоб қайтаргани расмий манбаларда очиқланмади.
Ўзбекистонга катта пул оқими кутиляпти. Яна кимдан, дунёнинг хўжайинларидан бири деб муболаға қилинадиган “BlackRock” инвестиция компаниясидан. Биласиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШда бўлиб, мамлакатни БМТ минбарида тамсил этиб, ўзининг биринчи тарихий нутқини қилди. Ҳозир гап Саида Мирзиёеванинг нутқи ҳақида эмас, зотан бу бўйича алоҳида кўрсатув тайёрлаганмиз. Гап, Мирзиёеванинг АҚШга ташрифи баҳонасида ўтказган учрашувларида. Унда иқтисодий масалалар устунлик қилди.
Администрация раҳбари Нью-Йоркда “BlackRock” раҳбарияти – компания президенти Роберт Капито, вице-раис Томас Донилон, “Global Infrastructure Partners” раиси ва бош ижрочи директори Адебайо Огунлеси, Молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда компаниянинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича раҳбари Чарльз Хатами билан учрашдик.
Мен сизга айтсам, бу шунчаки учрашув эмас, “BlackRock” эса кичкина компания ҳам эмас. У дунёдаги энг йирик инвестиция ва активларни бошқариш компаниясидир. 1988 йилда Ларри Финк (Larry Fink) ва унинг шериклари томонидан АҚШда (Нью-Йорк) ташкил этилган. Унинг бошқарувидаги активлар ҳажми 10 триллион доллардан ортиқни ташкил этади.
“BlackRock” ҳақида гап кетганда, оммавий ахборот воситаларида ва геосиёсий таҳлилларда “дунёни парда ортидан бошқарувчи яширин куч” ёки “дунё хўжайини” деган сифатлашлар тез-тез учрайди.
Бунга етарли асослар мавжуд. Масалан, 2008 йилдаги иқтисодий инқирозда ҳамда 2020 йилдаги пандемия даврида АҚШ Федерал Захира Тизими миллиардлаб долларлик қимматли қоғозларни сотиб олиш ва бозорни қутқариш вазифасини айнан “BlackRock”га топширган.
“BlackRock” инвестиция киритишдан бош тортган давлат ёки сектор иқтисодий қийинчиликка дуч келади, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Улар белгилайдиган экологик ва ижтимоий масъулият стандартлари бутун дунё бўйлаб компанияларнинг сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилади.
Ўзбекистон ушбу компания билан илк мулоқотни 2025 йилда Президент даражасида бошлаб берган эди. 2025 йилнинг июнь ойида компания раҳбарияти Тошкентга келди. Ўша йилнинг сентябрь ойида эса Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга қилган сафарида компаниянинг директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлесини қабул қилди. Худди шундай учрашувлар жорий йилнинг январь ойида Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтган Тинчлик форуми доирасида ҳам ўтказилди. Компания раҳбарияти билан охирги учрашув жорий йилнинг июль ойида Тошкентда ўтди.
Саида Мирзиёева “BlackRock” раҳбарияти билан тарихий учрашувига изоҳ бераркан, мулоқотда 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилингани, компания ушбу Марказ концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда кўмаклашаётганини билдирди.
“АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги қўшма давра суҳбатида Ўзбекистон ҳамда минтақамизнинг яқин ўн йилликларга мўлжалланган ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдик. Ўзбекистон йирик, самарали, сифатли сармоялар учун янги имкониятлар майдонига айланмоқда”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.
Live
All