100 млн сўм ойлик, 20 млн доллар камомад, қотил ис гази ва заҳарланган болалар – Ҳафта таҳлили

Review

−

Reklama
0:00

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 7,3 млн сўмга етди

Бу ҳафта ҳамманинг оғзида бир гап: эшитдингизми Зўр ТВ телеканалининг продюсери Дилшод Мирзамуродов 100 миллиондан ортиқ ойлик маош оларкан. Доллар эмас, сўмда. Сўмда бўлса-да бу кўпчиликнинг “мен-чи, мен ойига қанча топяпман”, деб ўзига савол билан юзланишига сабаб бўлди. Мирзамуродов ўзининг илк кирган йилларида 16 миллион сўм ойлик олгани ва ҳозирда маоши 100 миллион сўмдан ортиқлигини Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 октябрь куни кинематография соҳаси ходимлари билан учрашувида айтди. 

Шунингдек, ушбу йиғинда иштирок этган 22 яшар режиссёр Муниса Магаметибрагимова айни вақтда Болалар контентини ривожлантириш марказида ишлаши ва ҳозирда 22 миллион сўм ойлик маош олишини айтди. Президент уни шу куннинг ўзида “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотлади. 

Санъат соҳасига эндигина қадам қўйган бу қизнинг маоши ҳам Ўзбекистонда ҳатто катта санъат дарғаларининг олдида мақтагулик. Лекин, санъатга кўп йил хизмат қилганлар ҳам маошидан нолимади ўша йиғинда. Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев айнан Президент Мирзиёев даврида қўли пул кўрганини айтаркан, ҳозир ҳам пенсияси, ҳам маошини тўлиқ олишини, бир вақтлар уй олиш орзу бўлгани, ҳозир уй, машина, ўз истаган ҳамма нарсага эришганини айтди. 

Актёр Фарҳод Абдуллаев давлат раҳбарининг ҳам ўзи билан боғлиқ ва бутун мамлакат тақдирини ифода этган хотираларини жонлантириб юборди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўқишни битирган йиллари, ўша вақтларда прописка масаласини оғриқ билан эслади. 

Кино соҳаси ходимлари билан ушбу учрашув мамлакатдаги ойлик маошлар масаласи, одамларнинг даромадлари билан боғлиқ саволларни кун тартибига чиқарди. Ойликлар муҳокамада бўлган ушбу ҳафтада Миллий статистика қўмитаси жорий йилнинг январь – сентяьрь ойлари давомида мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи қанча бўлганини эълон қилди – 7 млн 274,1 минг сўм. Қайд этилишича, ушбу қийматда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ўсиш бор. Шу билан бирга, илк бор реалликка яқин медиана иш ҳақи эълон қилинди. Унга кўра, республика бўйича медиана иш ҳақи 4 млн 166,3 минг сўмни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Тошкент шаҳрида 12 млн 300 минг сўмга тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ўсган. Шунингдек, бу кўрсаткич Наманган вилоятида 5 млн 395 минг сўмни, Жиззах вилоятида 5 млн 506 минг сўмни, Тошкент вилоятида 6 млн 889 минг сўмни, Бухоро вилоятида 5 млн 840 минг сўмни, Фарғона вилоятида 5 млн 383 минг сўмни ва Қорақалпоғистон Республикасида 5 млн 676 минг сўмни ташкил этган.

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Қашқадарё вилоятида 4 млн 969 минг сўм, Хоразм вилоятида 5 млн 623 минг сўм, Сирдарё вилоятида 5 млн 736 минг сўм, Андижон вилоятида 5 млн 765 минг сўм, Навоий вилоятида 8 млн 820 минг сўм, Сурхондарё вилоятида 4 млн 988 минг сўм ҳамда Самарқанд вилоятида 5 млн 373 минг сўм бўлиб, уларда бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати паст.

Энг юқори ўсиш суръати ташиш ва сақлаш соҳасида қайд этилган. Бу соҳада 2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 119,8 фоизни ташкил этиб, иш ҳақи миқдори 11 млн 269 минг сўмга етган.

Ҳудудлар кесимида медиана иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, 6 млн 791,2 минг сўмни, энг паст кўрсаткич эса Сирдарё вилоятида 2 млн 998,4 минг сўмни ташкил этган. Иқтисодий фаолият турлари бўйича медиана иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида қайд этилган бўлиб, 11 млн 363 минг сўмни, энг паст кўрсаткич эса яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 2 млн 860 минг сўмни ташкил этган.

Медиана иш ҳақи – бу аҳолининг маошларини тенг иккига бўлувчи ўртача кўрсаткичдир. Яъни агар, мамлакатдаги ёки муайян соҳадаги сиздан кам ва кўп маош оладиган барча ходимларни камдан кўпга қараб қаторга тизиб чиқилса, айнан ўртада турган одамнинг иш ҳақи медиана иш ҳақи бўлади.

Президент билан ўтган йиғилишга қайтадиган бўлсак, унда натижалар бисёр. Кинематография агентлиги тугатилиб, кино соҳасида давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади. Вазирликда Кино санъати департаменти ташкил этилади. Департамент раҳбарининг мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади. “Ўзбекфильм”нинг ташкилий ва иқтисодий модели янгиланади. Давлат муассасаси тугатилиб, замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган янги “Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси ташкил этилади. “Ўзбекфильм”нинг 10 гектарлик ҳудудида “Ўзбекфильм кино шаҳарчаси” ташкил этилади. Ўзбекистон Кино арбоблари ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмалари бирлаштирилиб, Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси ташкил этилади. Давлат раҳбари учрашув баҳонасида миллий кино санъатини ҳаётига бағишлаган ижодкор, халқнинг севимли режиссёри Зулфиқор Мусоқовга Янги Тошкентдан уч хонали квартира совға қилди. 

IMAN Holding ва Маҳмуд Усмон ўртасида можаро

Ўзбекистон молия бозори тебранмоқда. Тўғрироғи, Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси – ислом молияси бўйича халқаро аудитор Маҳмуд Усмоннинг баёноти ижтимоий тармоқни тебратиб юборди. У ўз баёнотида  “Iman Invest” билан ҳамкорликни зудлик билан ва тўлиқ тўхтатганини эълон қиларкан, компания фаолиятида шубҳали транзакциялар аниқланганини билдирди. 

Маҳмуд Усмоннинг баёнотига кўра, у томонидан ҳеч қачон компания фаолияти бўйича якуний хулоса берилмаган, шаръий аудит жараёни эса давом этган. 2026 йил июль ойида кенгашга компаниядаги шубҳали транзакцияларни акс эттирувчи ҳужжатлар келиб тушган. Шундан сўнг халқаро молиячилар, ҳуқуқшунослар ва шаръий аудиторлардан иборат тафтиш комиссияси тузилиб, уч ярим ой давомида текширув олиб борилган. Молиявий текширувлар 15 октябрь куни якунланган.

Компания раҳбарияти инвесторлар маблағларидан ислом молияси тамойиллари, ички ҳужжатлар ва Ўзбекистон қонунчилигига зид равишда фойдаланган. Хусусан, “Iman Invest” мудораба асосида фаолият юритишига қарамай, инвестор капитали ёки унинг бир қисми қайтарилмайдиган ҳолатга келган пайтда ҳам фойда тақсимлангани айтилган. Шунингдек, инвесторлар маблағлари қимматбаҳо автомобиллар ва хонадонлар хариди, шахсий манфаатлар ҳамда маъмурий харажатларга сарфлангани таъкидланган.

Маҳмуд Усмонга кўра, компаниянинг портфели 70 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ҳозирда 20 миллион АҚШ доллари камомад мавжуд ва у бунда компания раҳбари Рустам Раҳматовни айблаган. Маҳмуд Усмонов ҳозирги вазиятда инвесторлар маблағларини қайтариш талаби қўйилган тақдирда, компания ушбу мажбуриятларни тўлиқ бажара олмаслиги мумкинлигини билдирган. Шу сабабли аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилиб, зарар қопланмагунча “Iman Invest”га маблағ киритмасликни шариат нуқтаи назаридан тавсия этган. 

“Iman Invest” компанияси асосчиси Рустам Раҳматов Маҳмуд Усмон томонидан компания фаолиятига нисбатан билдирилган даволарни рад этди. Унинг айтишича, томонлар ўртасидаги келишмовчилик хизмат ҳақларини камайтириш масаласи ва компания акцияларидан улуш сўралиши ортидан юзага келган. Раҳматовнинг иддао қилишича, Маҳмуд Усмон билан икки ярим йиллик ҳамкорлик давомида унга 100 минг доллардан ортиқ хизмат ҳақи тўланган. Кейинчалик компания ушбу тўловларни камайтиришга қарор қилган. Шунингдек, Маҳмуд Усмон “Iman Holding” акцияларидан улуш сўраган. Раҳматов эса компания шериклари билан маслаҳатлашиб, бу таклифни рад этган. 

Раҳматов Маҳмуд Усмон билан ҳамкорлик тўхтатилганидан кейин компания Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний билан ҳамкорликни бошлагани, янги аудит натижалари тахминан бир ой ичида эълон қилинишини айтди, бироқ Маҳмуд Усмон кейинги видеомурожаатида бу ҳам ёлғонлигини билдирди. 

Маҳмуд Усмон Рустам Раҳматовнинг компаниядан улуш талаб қилгани ҳақидаги даъволарини рад этди. Унинг таъкидлашича, аксинча, компания раҳбарига ўз улушини етимхонага беришни таклиф қилган ва уни раҳбарликдан кетишга чақирган.

70 миллион долларлик портфелда 20 миллионлик камомад. Шунча пул қаерга кетди? IMAN Holding ушбу талқинга қўшилмаслигини билдириб, келтирилган сумма 3 та алоҳида молиявий кўрсаткични бирлаштириши ва уларни бевосита зарар сифатида баҳолаш нотўғри эканини маълум қилди. Унга кўра, биринчиси, 3,5 миллион доллар – муаммоли қарзлар бўйича захиралар билан қопланмаган риск. 1 октябрь ҳолатига бундай қарзларнинг портфелдаги улуши 6,5 фоизни ташкил этган. 31,91 миллиард сўмлик захиралар ҳисобга олинганда эса бу кўрсаткич 3,5 фоизга тушган.

Иккинчиси, 2,97 миллион доллар – бошқарув компаниясининг инвестиция фонди олдидаги қарзи. Компания изоҳига кўра, бу қарз бошқарув ташкилотининг жорий харажатларини фонд маблағлари ҳисобидан молиялаштириш оқибатида юзага келган. 

Учинчиси – 140,75 миллиард сўм миқдоридаги ортиқча капитал. Мурожаатда барча инвесторлар маблағларини қайтариб олишга ариза берган тақдирда, уларга пулни тўлиқ қайтариш имконияти йўқлиги айтилган эди. IMAN маълумотларига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига насия савдо портфели 1 трлн 105 млрд 777 млн сўмни, инвесторлар портфели эса 965,02 миллиард сўмни ташкил этган. Компания бу рақамлар молиявий тафовут мавжуд эмаслигини кўрсатишини билдирган.

Ҳозирча томонлар билдирган фикрларни тасдиқловчи мустақил хулоса мавжуд эмас.

Мурожаатда фонд билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан харид қилинган иккита автомобиль масаласига ҳам эътироз билдирилган. Компания асосчиси Рустам Раҳматов учун тахминан 128 минг долларга Mercedes-Benz C500 автомобили харид қилинган. Компания маълумотига кўра, автомобиль фонд фойдасига ижарага бериш мақсадида олинган ва унга бозор ставкасида ижара ҳақи белгиланган. Кейинги текширувда ушбу битим исломий молиялаштириш тамойилларига мос келмаслиги тан олинган. 12 август куни автомобиль сотилган, унинг қиймати ва ижара тўловлари тўлиқ қайтарилган.

Шу билан бирга, 2023 йилда бўлиб тўлаш шарти билан харид қилинган BYD Champion автомобили бўйича қарздорлик 31 июль куни Рустам Раҳматов томонидан муддатидан олдин тўлиқ қопланган. Тўланган сумма 366,9 миллион сўмдан ошган.

Ишонтирилишича, билдирилган эътирозларнинг асосий қисми аниқланган заҳоти ҳал қилинган, айрим масалалар ҳал қилинмоқда. Лекин Маҳмуд Усмоннинг баёнотлари ҳам ўз ҳолича қолмади. Компания раҳбари Рустам Раҳматов бошқарувдан чекиняпти ва кузатув кенгашига ўтяпти. Аммо бу билан масалалар ҳал бўлиб, у яна одамлар ишончини оқлайдими, буниси ҳозирча нафақат Раҳматов ва у тузган молиявий ташкилот, балки бутун Молия бозоридаги оғриқли савол бўлиб турибди. Ушбу ҳодиса ислом молияси эндигина куртак ёзаётган Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам бу соҳага соя солган воқеа бўлди, дейиш мумкин.

Эрон элчихоналарининг “бирёқлама” баёноти

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга қилган ташрифи нафақат дунё нигоҳини Ўзбекистонга қаратди, балки кўпчиликка алам ҳам қилган кўринади. Ўша ташрифда Регистонни айланган Рубио Ер юзида Самарқанд каби глобал савдода тарихан муҳим роль ўйнаган жойлар камдан-кам учрашини айтганди. Эроннинг Арманистондаги элчихонаси эса Х ижтимоий тармоғида пост эълон қилиб, Регистон форс цивилизациясининг бир бўлаги эканини даъво қилди. 

“Тарихни ўрганаётганингиз жуда соз! Сиз турган бу жой Форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисмидир”, дея ёзиб қолдирилган дипломатик миссия саҳифасида.

Эроннинг Зимбабведаги элчихонаси Регистон майдонидаги равоқларни Эрон-ислом цивилизациясига хос меъморий белги деб атаган бўлса, Болгариядаги элчихонаси Рубио Самарқандда форс мероси фонида суратга тушганини ёзган. Ушбу куракда турмайдиган валдирашлар ортидан Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Эрон томонига Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилди. 

Эрон томонига тегишли постларни дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан олиб ташлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш талаби билдирилди. Орадан кўп ўтмай, элчихоналар тупурган тупугини қайтариб олиб, постларни ўчирди. Ҳолат ортидан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий Ўзбекистон мероси ўзлаштирилган бу постлар сабабини тушунтиришга уринди. 

“Эрон ва Ўзбекистонни бир-бирига боғлаб турувчи ришталар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган эмас. Муштарак мерос халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун заминдир. Айрим элчихоналаримиздаги дўстларимиз ўз постларини АҚШ томонига мурожаат сифатида эълон қилишган эди. Биз Ўзбекистон билан муносабатларимизга катта аҳамият берамиз. Аминмизки, қўшни мамлакатларнинг турли ҳудудларида ва ундан ҳам кенгроқ маконда мавжуд бўлган муштарак меросимиз халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади”.

Мисрга борадиган ўзбекистонликлар учун хушхабар эълон қилинди

Ўтган ойда жорий йил 1 ноябрдан бошлаб Миср ўзбекистонликларга визасиз режимни бекор қилаётгани, мамлакатга кириш олдидан виза расмийлаштириш кераклигини хабар қилинганди. Ушбу қоида ҳозирча бекор қилинди, тўғрироғи визасиз режим 1 мартгача узайтарилди. 

Расмий Тошкентнинг Миср томони билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориши натижасида Ўзбекистон фуқароларининг ушбу ҳудудга кириш тартибини қатъийлаштириш бўйича аввал қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришилган. Янги қоидалар кучга киргунига қадар Ўзбекистон фуқаролари Мисрга амалдаги тартиб асосида саёҳат қилиши мумкин.

Шу ўринда ўзбекистонликлар учун яна бир янгилик бор. Маълумки, Таиланд қироллиги ҳам 15 сентябрдан бошлаб ўзбекистонликларга визасиз режимни бекор қилган эди. Айни вақтда Тошкент талаби билан ўзбекистонликларнинг Таиланд ҳудудида 15 кун визасиз бўлишини назарда тутувчи ҳужжат устида иш олиб борилмоқда. Таиланд ҳукумати таклифига кўра, тегишли масала 9 ноябрь куни Виза сиёсати қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ҳозирча Ўзбекистон фуқаролари учун 15 кунгача визасиз кириш тартиби расман тасдиқланмаган. Мавжуд тартибга кўра, ўзбекистонликлар Таиланд визасини олиш учун Таиланднинг Москвадаги дипломатик ваколатхонасига шахсан мурожаат қилиши керак. 

Фарғонадаги 3 та боғчада болалар овқатдан заҳарланди

Фарғона шаҳридаги учта боғчада жами 51 нафар бола овқатдан заҳарланди. Ҳолат шаҳардаги 2, 7, ва 47-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида содир бўлган. Тарбияланувчилар тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетишидан шикоят қилган.

Болалар боғчаларда истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, нонушта, тушлик ва кечки тамаддида ейилган таомлар ўрганилган. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчилар ҳам аниқланган.

Текширув учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан бактериологик таҳлил учун намуналар олинган. Айни пайтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда.

Тошкентда даҳшатли фожиа: 6 киши ис газидан вафот этди

Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми келди дегунча одамларнинг ис газидан заҳарланиб ўлиши, афсуски, ҳайрон қолдирмай қўйган воқеа. Ҳа, олдин бундай хабарлар газ етиб бормаган ёки газ ўчирилган чекка ҳудудларда учрарди, энди эса улар қаторига Тошкентни ҳам қўшиш мукмин. Пойтахт Тошкентда 6 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди, яна 2 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, газ тармоғига эса белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116 (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш), 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Учтепадаги ёнғинда вафот этган аёл қасддан ўлдирилгани маълум бўлди

Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафта Учтепа туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин чиққани ва квартира ичида бўлган аёл тириклайин ёниб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Аёлнинг ўлими ортидан тарқалган гап-сўзлар ёнғин бахтсиз ҳодиса эмаслиги, балки у қасддан қилинганини ўртага чиқарди. 

Бош Прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ сўровига жавобан маълум қилишича, ҳодиса жойида бир-бирига боғлиқ бўлмаган 3 та ёнғин ўчоғи аниқланган.

Ёнғин жойида 2000 йилда туғилган аёлнинг жасади топилган. Шунингдек, унинг елкасидан сон қисмигача бўлган жойларида термик жароҳатлар аниқланган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида ошхона, ётоқхона ва меҳмонхонада бир-бирига боғлиқ бўлмаган 3 та ёнғин ўчоғи борлиги аниқланган. Шунингдек, хонадонга қасддан ўт қўйилган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи аломатлар ҳам қайд этилган.

Ҳолат бўйича Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Шўрчи ҳокими фермерларни бўралаб сўккани айтилмоқда

Ҳокимлар дастурларимизнинг асосий қаҳрамони. Қанча танқид қилинмасин, оммавий ахборот воситаларида сазойи қилинмасин, айримларга гап кор қилмаяпти, бўриллаб сўкиниши, одамларни ҳақоратлаб, ҳуқуқларини бузиши қолмаяпти. Галдаги қаҳрамон Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туман ҳокими Акбарали Ишмурзоев. У фермерларни ҳақорат қилгани айтилган аудио тарқалди. Аудиода ҳоким пахта режаси масаласида ўтказилган йиғилишда фермерлани ҳақорат қилганини эшитиш мумкин.

Аудиоёзувда ҳоким сифатида таништирилган шахс фермердан давлатга топширилиши керак бўлган ҳосил ва ердан фойдаланиш масалалари бўйича ҳисобот сўрайди.

Аудио бўйича вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди. Ҳолатни холис ва тўлиқ ўрганиш, ҳуқуқий баҳо бериш учун ваколатли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов давлат хизматчилари қонун устуворлиги, инсон қадри, ўзаро ҳурмат ва хизмат этикаси талабларига қатъий риоя этиши зарурлигини айтган. Ўрганиш натижалари асосида қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли қарор қабул қилинишига ишонтирмоқда ҳокимлик. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends