Ўзбекистонда профилактик эмлаш ўтказиш тартиби белгиланди
Local
−
14:36 1132 2 minutes
Энди профилактик эмлаш ҳудудда юқумли касаллик аниқланиб, у фаол тарқала бошлаган ёки аҳолининг муайян қатламлари юқтириш хавфи мавжуд бўлган ҳолатларда ўтказилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 10 сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлганда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”да сўз боради.
Низомга кўра, профилактик эмлаш ҳудудда юқумли касаллик аниқланиб, у фаол тарқала бошлаган ёки аҳолининг муайян қатламлари юқтириш хавфи мавжуд бўлган ҳолатларда ўтказилади. “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарор бош давлат санитария врачи томонидан қабул қилинади.
Низомда қайд этилишича, юқумли касаллик номи ва эмлашни жорий этиш асослари, унинг мақсади, эмлаш ўтказиладиган ҳудуд ва аҳоли гуруҳлари, қўлланиладиган вакцина тури, эмлашни бошлаш ва якунлаш санаси, шунингдек, жараённи ташкил этувчи тиббиёт муассасалари ҳамда санитария-эпидемиология органлари кўрсатилади.
Эмлаш жараёнида биринчи навбатда юқтириш ва инфекцияни атрофдагиларга тарқатиш хавфи юқори бўлган шахсларга устуворлик берилади. Профилактик эмлаш учун фақат давлат рўйхатидан ўтган ва қўллашга рухсат этилган вакциналардан фойдаланишга йўл қўйилади.
Эмлашдан олдин фуқарога вакцина, унинг эҳтимолий реакциялари, кейинги тиббий кузатув тартиби ва эмлашдан бош тортишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тўлиқ маълумот берилиши керак. Эмланган ҳар бир шахс ҳақидаги маълумотлар Ягона тиббий ахборот тизимига киритилади.
Ушбу низом жорий йил 10 сентябрдан кучга кирган.
Live
All