Ўзбекистонда ноқонуний косметикадан фойдаланганларда ботулизм аниқланди

Local

image

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ботулинотоксин сақловчи айрим косметологик препаратлар қўлланилганидан сўнг кузатилган оғир ножўя реакциялар юзасидан огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига мурожаат қилган айрим беморларда “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” препаратлари косметологик мақсадларда қўлланганидан сўнг оғир ножўя реакциялар аниқланган.

“Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу сабабли уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги белгиланган тартибда баҳоланмаган”, дейилади хабарда.

Фуқароларга интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали таклиф этилаётган шубҳали маҳсулотларни харид қилмаслик тавсия этилган. Агар бундай препаратлар харид қилинган бўлса, уларни қўлламаслик, қўллаш бошланган бўлса эса фойдаланишни дарҳол тўхтатиб, шифокорга мурожаат қилиш сўралган.

Шунингдек, ушбу препаратларни қўллаган шахсларда кўришнинг хиралашиши, қовоқларнинг осилиши, ютиниш қийинлашиши, нутқ бузилиши, мушаклар кучсизлиги, нафас олиш қийинлашиши ёки бошқа ноодатий аломатлар кузатилса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарурлиги таъкидланган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фуқароларни дори воситаларини фақат расмий савдо тармоқлари орқали харид қилишга ҳамда шубҳали маҳсулотлар аниқланган ҳолларда ваколатли органларга хабар беришга чақирган. Мазкур ҳолат юзасидан назорат ва ўрганиш ишлари давом этаётгани қайд этилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends