Ўзбекистонда муддатли тўлов операторлари иш бошлайди

Local

image

Ўзбекистонда 2027 йилдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 август куни қабул қилинган “Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 294-сонли қарорида сўз боради.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахс (банклар ва микромолия ташкилотлари бундан мустасно) муддатли тўлов хизмати оператори деб эътироф этилади. Юридик шахсларнинг муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи Марказий банк томонидан шакллантириладиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилгандан сўнг вужудга келади.

Юридик шахслар қуйидаги тартибда Реестрга киритилади:

  1. банклар, микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали;
  2. бошқа юридик шахслар Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали.
  3. Қарорга кўра, кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмас.

Жорий этиладиган муддатли тўлов хизмати операторига молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади. Шу билан бирга, уларга муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқидан фақат бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ва банклар фойдасига воз кечиш ҳуқуқи берилади.

Ҳужжатга муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари қуйидаги шартларга мос бўлиши лозим:
 

  • муддатли тўлов хизмати объектининг қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги;
  • муддатли тўлов хизмати операторининг комиссия (устама) тўловлари ва товар (иш, хизмат)ларнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши;
  • муддатли тўлов хизмати бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмаслиги;
  • истеъмолчи муддатли тўлов хизмати суммасини исталган вақтда (тўлиқ ёки қисман) қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга бўлиши;
  • муддатли тўлов хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб 12 ойдан ошмаслиги.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан бошлаб товар истеъмол кредитини тақдим этувчи ташкилотлар қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиши талаб этилмаслиги белгиланди.

Қарорда қайд этилишича, муддатли тўлов хизматларини амалга оширишда мижозлар рақамли идентификация қилиниши лозим бўлади. Операторлар ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида Марказий банкнинг тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширишга оид пруденциал норматив ва талабларига риоя қилиши ҳамда ахборот технологияларини қўллаган ҳолда мижозларни рақамли идентификация ва верификация қилиши ҳужжатда қайд этилган.

Шунингдек, муддатли тўлов операторлари тузилаётган барча муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар бўйича кредит бюролари билан кредит ахбороти алмашинувини йўлга қўйиши ҳамда хизматни кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилишда Марказий банк томонидан белгиланадиган қарз юки кўрсаткичининг энг юқори миқдори талабларига риоя қилиши шарт.

Қарорга мувофиқ, чорак якуни бўйича товар (иш, хизмат)ларни реализация қилиш айланмаси 500 млн сўмдан ошган ҳамда унда бўлиб-бўлиб тўлаш хизмати улуши 50 фоиз ва ундан юқори қисмни ташкил этган товар истеъмол кредити берувчи ташкилотлар ҳисоб рўйхатидан ўтиши ва Реестрга кириши, шу билан бирга, муддатли тўлов хизмати операторларига мазкур қарор билан белгиланган талабларга риоя қилиши шарт.

 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic