Ўзбекистонда ғойиб бўлган россиялик хоинликда айбланди

World

image

2024 йилнинг июль ойида Ўзбекистонга хизмат сафари пайтида ғойиб бўлиб, икки кундан кейин Москвадаги тергов ҳибсхонасидан топилган саноат альпинисти Георгий Пирогов Москва шаҳар суди томонидан “давлатга хоинлик” иши бўйича 23 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Политзек-Инфо” лойиҳасига таяниб, “The Insider” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукм 8 июль куни чиқарилган, суд жараёни ёпиқ тартибда ўтган ва айбловнинг тафсилотлари расман ошкор қилинмаган. “The Insider” нашри Георгий Пироговнинг исмини Россия ИИВнинг сизиб чиққан маълумотлар базаларидан биридан топган. 2024 йил ноябрь ойи билан қайд этилган ёзувда даъво қилинишича, у “РФ ҳудудидан ташқарида бўла туриб, жосуслик шаклида давлатга хоинлик содир этган”, жиноят содир этилган деб тахмин қилинган сана сифатида эса 2023 йил 7 май кўрсатилган.

Бундан ташқари, Пирогов “The Insider” томонидан таҳлил қилинган Россиянинг бошқа бир нечта сизиб чиққан маълумотлар базаларида ҳам кўриниш берган. Улардан бирида у “РФни тарк этганлар” рўйхатига киритилган – унда Пироговнинг 2022 йил 24 март куни Бирлашган Араб Амирликларига чиқиб кетгани ва жўнаб кетиш сабаби сифатида “махсус ҳарбий операция бошланиши” кўрсатилган. Бошқа бир базада у “мухолифатчи” сифатида белгиланган. Яна бирида эса Пирогов гўёки “ФБКга (Коррупцияга қарши курашиш фонди) ҳомийлик қилгани (пул ўтказгани)” ҳақида ёзув мавжуд.

“Политзек-Инфо” маълумотларига кўра, Пироговнинг яқинлари ушбу иш атрофида ОАВда сукут сақланишини сўраган ва бу унинг қисматини юмшатишга ёрдам беради деб умид қилган. Бироқ ҳукм эълон қилинганидан кейин лойиҳа ушбу тактика тайинланган жазога ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини маълум қилган.

Пирогов Москва вилоятида яшаган, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин эса Грузияга кўчиб ўтиб, у ерда саноат альпинисти бўлиб ишлаган. 2024 йил ёзида у Ўзбекистонга хизмат сафари билан борган ва 6 июль куни Қўнғирот шаҳрида ғойиб бўлган. Кейинроқ унинг автомобили йўқолиб қолган жойидан тахминан 90 км узоқликдаги Нукус шаҳридан топилган. Қариндошларининг айтишича, Пирогов Бухорога бориб, у ердан Грузияга учиб кетмоқчи бўлган.

2024 йил 8 июль куни Москванинг Мешчанский район суди Пироговни “давлатга хоинлик” иши бўйича тергов ҳибсхонасига жўнатган. Унинг Ўзбекистонда ғойиб бўлганидан кейин қандай қилиб Россияга бориб қолгани номаълум. 2024 йил август ойида ҳибсга олиш қарори устидан берилган шикоят кўриб чиқилаётганда Пирогов ўз айбига иқрор бўлгани ва кўрсатма бергани маълум бўлган. 2026 йил май ойида Москва шаҳар суди унинг ишини ёпиқ режимда кўриб чиқишни бошлаган. 

“The Insider”нинг ёзишича, бу уруш бошланганидан кейин мамлакатдан чиқиб кетган Россия фуқаросининг Ўзбекистонда ғойиб бўлиб, кейинчалик Россия тергов ҳибсхонасида сиёсий мотивли айблов билан пайдо бўлиши билан боғлиқ маълум бўлган биринчи ҳолат. Шу билан бирга, расмий экстрадиция амалга оширилгани ёки йўқлиги номаълум: Ўзбекистон ва Россия расмийлари Пироговнинг чегара орқали қандай олиб ўтилгани тафсилотларини очиқламаган.

“Первый отдел” ҳуқуқ ҳимояси лойиҳаси адвокати Евгений Смирнов “The Insider” нашрига берган изоҳида қайд этишича, жосуслик гўёки Россиядан ташқарида содир этилгани ҳақидаги бу каби ишлар жуда кам учрайди ва кўпинча куч ишлатар тизимларининг провокациясига асосланади.

“Бундай ишлар – Россиядан ташқарида содир этилган жосуслик шаклидаги давлатга хоинлик – учраб турса-да, барибир бармоқ билан санарли даражада кам. Бундай квалификация  учун шунчаки пул ўтказиш ёки Украина қуролли тузилмаларига қўшилишга уриниш (мамлакатдан чиқиб кетаётганлар кўпинча айнан шунинг учун таъқиб қилинади) етарли эмас, балки давлат сирини ташкил этувчи ёки Украина томонидан Россияга қарши урушда фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни узатиш керак бўлади.

Бундай қилмишларни аниқлаш анча мураккаб – бу жуда кўп из қолдирадиган банк ўтказмаси эмас. Менинг амалиётимда бундай ишларнинг деярли барчаси Россия органлари ходимлари ўзларини хорижлик қилиб кўрсатиб, қандайдир маълумотларни юборишга ундаган провокациялар билан боғлиқ эди.

Агар сиз Россияда ўз хавфсизлигингиздан хавотирда бўлсангиз, унда Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларига, шунингдек, Индонезия, Таиланд, Вьетнамга умуман бормаганингиз маъқул”, дейди Евгений Смирнов.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends