Ўзбекистонда аҳоли қарзи 610 трлн сўмга етди. Марказий банк хавотирда
Local
−
16:36 3527 4 minutes
Ўзбекистонда аҳолининг банклар олдидаги қарздорлиги сўнгги йилларда сезиларли даражада ошган. Марказий банк бу ҳолатни хавотирли деб баҳоламоқда. Бироқ регуляторни кредитлар ҳажмининг ўсишидан кўра, фуқароларнинг олган қарзларини қайтара олиш имконияти кўпроқ ташвишга солмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида маълум қилди.
Сенатор Ҳусан Эрматовнинг таъкидлашича, Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида аҳолининг кредитлари 21,2 фоизга ошган. Олти йил давомида эса аҳолининг қарзлари беш баробардан кўпроққа кўпайган.
Эрматов Марказий банк вакилидан аҳолининг қарз юкини камайтириш, шунингдек, кредит ва микрозаймлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бериш таклифининг таъсири ҳақида сўраган.
Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров вазият чиндан ҳам хавотирли эканини билдирди.
“Бу ҳақиқатдан хавотирли ҳолат. Охирги йилларда мана шундай ўсиш кузатилди. Илгари, масалан, банклардан кредит олиш умуман жисмоний шахсга деярли имконсиз эди. Охирги йилларда мана шу қилинган ислоҳотлар натижасида нафақат рақамлар, балки мана шу сифати ҳам ошди деган умиддамиз”, дейди у.
Шу билан бирга, Марказий банк раиси ўринбосари кредитлар ҳажмининг ошишига аввалги йилларда аҳолининг банк кредитларидан фойдаланиш имконияти чеклангани ва қопланмаган талаб ҳам таъсир қилганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Марказий банкнинг асосий хавотири кредитлар ҳажмининг ўсиши эмас, балки аҳолининг мавжуд қарзларига хизмат кўрсатиш қобилияти билан боғлиқ.
“Мана шу бизнинг асосий хавотиримиз – бу рақамлар ўсгандан эмас, кўпроқ тўғри айтиб ўтдингиз, қарз юкининг ўсиши. Яъни, аҳоли мана шу қарзга қанчалик хизмат кўрсата олади? Мана шу рақамларнинг ўсиши бизни кўпроқ хавотирга солади”, дейди Марказий банк раиси ўринбосари.
Носиров Марказий банк томонидан аҳолининг қарз юкини тартибга солиш учун қатор меъёрлар жорий этилганини айтган. Хусусан, қарзга хизмат кўрсатиш кўрсаткичи белгиланган бўлиб, унга кўра фуқаронинг ойлик даромадининг 50 фоизидан кўпи кредит тўловларига йўналтирилмаслиги керак.
Бундан ташқари, жорий йил бошида қарзнинг даромадга нисбати бўйича ҳам чеклов ўрнатилган. Унга кўра, расмий даромадга эга бўлган фуқаро даромадининг саккиз баробаридан, норасмий даромадга эга бўлган фуқаро эса беш баробаридан ортиқ миқдорда кредит олиши мумкин эмас.
Шунингдек, Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича чораларни кучайтирган.
Носировнинг айтишича, аҳолининг қарз юкининг ялпи ички маҳсулотга нисбати аввал 18-19 фоиз атрофида бўлган ва ўсиш тенденциясини кўрсатган. Ҳозир эса бу кўрсаткич 17 фоизга тушган. 2025 йилда ҳам бироз камайиш кузатилган.
Марказий банк вакили кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бериш таклифи қарз юкини бевосита камайтирмаслигини, бироқ аҳолининг хабардорлигини оширишини таъкидлаган.
“Бу ҳам, демак, бевосита қарз юкини тўхтатишга хизмат қилмаса ҳам, лекин бу одамларнинг онгли равишда хабардорлигини оширади. Бу мана шу реклама орқали чалғитиш ёки бошқа ҳолатларнинг олдини олади. Бундан ташқари, онгли равишда қарор қабул қилишга ундайди ”, дейди у.
Унинг қайд этишича, бундай огоҳлантириш орқали фуқаролар кредитнинг салбий жиҳатларини ҳам кўриши ва аҳолида ҳам, банкларда ҳам масъулиятли кредитлаш маданиятини ошириш мумкин.
Носиров ушбу масала бўйича хорижий тажриба ўрганилганини ҳам айтган. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда бундай чоралар қўлланганидан кейин кредит бозори фаоллиги қисқармаган ҳолда, қарзга хизмат кўрсатиш яхшиланган ва муддати ўтган қарздорлик камайган.
Шунингдек, сенатор Рустам Холмуродов Марказий банкнинг молиявий барқарорликка оид маълумотларига таяниб, аҳолининг қарз мажбуриятларининг 93 фоизи банк кредитларига тўғри келишини маълум қилган.
Унинг айтишича, жорий йилнинг 1 февраль ҳолатига 9,3 миллион қарз олувчининг жами 610 триллион сўмлик кредит қарздорлиги мавжуд бўлган. Шундан 376 мингта кредит шартномаси бўйича 19 миллиард сўмлик қарздорлик муаммоли кредитлар тоифасига ўтган.
Марказий банкнинг 2025 йил июль ойида ўтказган сўровномасида респондентларнинг 73 фоизи банклар ёки нобанк ташкилотлар олдида қарзи борлигини билдирган. 61 фоиз респондент эса қарз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришда муайян қийинчиликларга дуч келаётганини маълум қилган.
Live
All