Ўзбекистон ва Россия ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади
−
18:00 955 2 minutes
Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2027 йилга мўлжалланган Ҳамкорлик режаси имзоланди. Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазири Андрей Белоусов Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев билан музокаралар ўтказган.
“Икки мамлакат мудофаа идоралари ҳамкорлиги юқори даражага етди ва кенгайишда давом этмоқда. Замонавий воқеликларда бу Марказий Осиё минтақасида умумий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун айниқса муҳимдир”, дейди Андрей Белоусов.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон шериклар ва қадрдон дўстлар бўлиб, уларнинг ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишини икки давлат президентларининг илиқ ва дўстона муносабатлари белгилаб беради.
“Ҳозирги вақтда 2026–2030 йилларга мўлжалланган Ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастурини амалга оширмоқдамиз. Унга мувофиқ ҳар йили 60 дан ортиқ тадбир ўтказамиз. Қўшинларнинг тезкор ва жанговар тайёргарлигига, қўшма машғулотлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Октябрь ойида Россия ва Ўзбекистон қуруқликдаги қўшинлари бўлинмалари “Термиз” полигонида қўшма вазифаларни машқ қилди”, дейди Россия Мудофаа вазири.
Россия мудофаа идораси раҳбари икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши шахсий таркибни ўқитиш ва қуролли кучлар фаолияти масалалари бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш эканини қўшимча қилган.
“Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг РФ Қуролли кучларининг ихтисослаштирилган ўқув марказларида стажировка ўташига, шунингдек, реал жанговар тажрибага эга россиялик йўриқчилар раҳбарлигидаги комплекс машғулот ва тренингларга катта аҳамият берамиз”, дейди у.
Андрей Белоусов Россия мудофаа идораси Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг жанговар салоҳиятини ошириш ва коллектив хавфсизликни таъминлаш учун бундан кейин ҳам фаол ҳамкорлик қилишни мақсад қилганини таъкидлаган.
Ўз навбатида, генерал-майор Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг саломини етказган.
“Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик ривожида ижобий динамика кузатилмоқда”, дея қайд этган у.
Ўзбекистон мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон Россия билан мудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Музокаралар якунида томонлар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2027 йилга мўлжалланган Ҳамкорлик режасини имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида ўша пайтдаги Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов ва Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов ўзаро учрашув чоғида 2026-2030 йилларда икки давлат ўртасидаги ҳарбий соҳадаги стратегик шериклик дастурини амалга ошириш режасини имзолаган эди.
Live
All