Ўзбекистон Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб қилиши мумкин

Local

image

Ўзбекистон анъанавий ва муқобил энергетика соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб этишдан манфаатдор. Бу ҳақда бугун, 31 август куни Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган музокараларида сўз борди.

Қайд этилишича, учрашув аввалида давлат раҳбари Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган.

Келгуси йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф этилган.

Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. Барча даражаларда алоқалар изчил мустаҳкамланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик ривожланмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги тизимли стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаган. Ўзбекистон “ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлаши қайд этилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга яқинлашган. Келгусида унинг янада ўсишига ишонч билдирилган.

Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф этилган. Шу мақсадда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон корхоналарининг Хитойда ўтказиладиган савдо кўргазмаларида фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар давом эттирилади.

Амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Энергетика, кимё саноати, металлургия, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда юқори технологиялар соҳаларида саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари белгиланди. Рақамли иқтисодиёт, тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларидаги “ўсиш нуқталари” кенгайтирилади.

Технологик шерикликнинг ёрқин намунаси сифатида “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қайд этилган. Ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режалари қўллаб-қувватланган.

Хитой компанияларига Ўзбекистон ҳудудларидаги қўшма саноат зоналарида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишда янада фаол иштирок этиш таклиф қилинган.

Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уларнинг мамлакатдаги лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилган.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланган. Ўзбекистон анъанавий ва муқобил энергетика соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб этишдан манфаатдор.

Ҳудудлараро алмашинувлар фаол ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг барча вилоятлари Хитой провинциялари билан фаол ҳамкорлик қилиб, кўпгина қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Май ойида Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлар форуми бўлиб ўтган.

Транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш ишлари самарали давом эттирилмоқда. Мазкур йўналиш Евроосиё транспорт экотизимининг муҳим бўғинига айланиши ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ўзаро боғлиқликни янада кучайтиришига ишонч билдирилган.

Музокаралар давомида туризм ва гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Визасиз тартиб амал қилмоқда, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва парвозлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини очиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Йил якунига қадар Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган. 2027-2029 йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш таклиф этилган.

Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этган. “Лу Бань устахоналари” ва Конфуций институтлари фаолияти ҳамда ҳудудларда қўшма таълим лойиҳаларини ривожлантириш ишлари давом эттирилади.

Хитой тилини ўрганишни, олий таълим муассасалари ўртасидаги таълим дастурларини янада кенгайтириш ҳамда юрт ёшларининг Хитойда таҳсил олиши учун квоталарни оширишдан манфаатдорлик билдирилган.

Космосни ўзлаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қайд этилган.

“Хитой – Марказий Осиё” форматидаги минтақавий шерикликни янада чуқурлаштириш ва унинг келгуси йилда Хитойда бўлиб ўтадиган учинчи саммитига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Президенти Хитой Раисини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган. Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends