Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова вафот этди
Art & Culture
−
09:21 2157 1 minute
Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова бугун, 5 август куни 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар қилди.
Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманида таваллуд топган. У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. 1974–1987 йилларда Ўзбекистон телерадиокомитети, 1989–1994 йилларда “Саодат” журнали ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаган, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳам фаолият юритган.
Шоира “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Хизр булоғи”, “Тонгга қасам”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” ва “Ватан суврати” каби шеърий тўпламлар муаллифи ҳисобланади. У рус, қозоқ, қирғиз шоирлари ижодидан ҳам таржималар қилган. Хусусан, у немис шоири Ҳадаятуллоҳ Ҳюбш шеърларини ўзбекчага ўгириб, “Оқ атиргул” номи билан нашр эттирган.
Шарифа Салимова 1994 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган.
Жорий йилнинг 28 май куни эса шоирага “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони берилганди.
QALAMPIR.UZ марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Live
All