Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиёдов вафот этди
Local
−
14:19 2735 2 minutes
Бугун, 23 сентябрь куни бутун ҳаёти ва фаолиятини қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиёдов 79 ёшида вафот этди. Президент унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот учун, Парда Зиёдов 1947 йили Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов (собиқ Жиззах) туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумида агроном мутахассислиги бўйича таҳсил олган.
Ҳарбий хизматни ўтаб келгач, меҳнат фаолиятини тумандаги Ҳамроқул Носиров номидаги жамоа хўжалигида табелчи сифатида бошлаган. Кейинчалик мазкур хўжаликда бригада бошлиғи, ширкат хўжалиги бош пудратчиси каби вазифаларда самарали фаолият кўрсатган.
Деҳқончилик илмини чуқур биладиган Парда Зиёдов 2003–2018 йилларда Шароф Рашидов туманидаги “Қуёшсевар Парда” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб, мамлакатда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракати ривожини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшган. У шартнома режаларини мунтазам ортиғи билан бажариб келган, пахтачилик ва ғаллачиликда ўз тажриба мактабини яратган заҳматкаш фермер, моҳир ташкилотчи, камтарин ва самимий инсон сифатида нафақат Жиззах вилоятида, балки бутун республикада муносиб обрў-эътибор топган.
Машҳур фермер кўплаб ёшларга устозлик қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатган.
Парда Зиёдов 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, 2005–2015 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳамда кўп йиллар давомида Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутати сифатида фаолият юритиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида жонкуярлик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён этган.
Парда Зиёдов сўнгги йилларда, нафақада бўлишига қарамасдан, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш жараёнларида фаол иштирок этган.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.
“Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг ёрқин намояндаси, меҳнат фахрийси, самимий ва камтарин инсон Парда Зиятовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.
Live
All