Ўзбек миси Tesla, Mercedes, Rolls-Royce ва Ferrari’да ишлатилади – Тоҳир Шарипов (видео)
Business
−
20:47 843 4 minutes
Ўзбекистон миси Tesla, Mercedes, Rolls-Royce ва Ferrari каби автоконцернлар автомобилларининг эҳтиёт қисмларида ишлатилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 9 ноябрь куни ўтказилган электротехника тармоғида фаолият юритаётган тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқотда Президент Шавкат Мирзиёев Электротехника тадбиркорлари кенгаши раислигига тавсия қилган тадбиркор – ProCab компанияси асосчиси Тоҳир Шарипов “Ўзбекистон 24”га берган интервьюсида гапирди.
Қайд этилишича, ўша йиғилишда Ўзбекистонда 2030 йилга бориб мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказиш режаси эълон қилинган. Бу – дунёда мис ишлаб чиқариш бўйича Топ-10 давлат қаторига кириш дегани. 2017 йилда бир тонна мис хомашёсининг нархи 5-6 минг доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозирги кунда унинг қиймати 14 минг долларга етган.
“Жуда мукаммал, жуда тўғри қарор эди. Сабаблари – биринчидан, ҳурматли Президентимиз таҳлил қилиб аниқланган 47 миллион тонна [мис] захира бор дедилар. Бу – жиддий рақам. Дунёда бунақа карьер йўқ. Яъни, 47 миллион дегани, тасаввур қилинг, ҳозирги ишлаб чиқариш 500 минг тоннага оширилган тақдирда ҳам у 100 йилга етади. Шунинг учун Президентимиз эртага чиқадиган шунча маҳсулотни хомашё сифатида эмас, ҳозирдан ҳаракат қилиб, инвестиция жалб қилиб, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларга эришиш кераклигини урғулади. Албатта, мисни шунчаки хомашё сифатида сотиш нотўғри. Бундан максимал даражада фойдаланиб, иложи борича юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш керак”, дейди Тоҳир Шарипов.
Унинг айтишича, айрим кабель маҳсулотлари борки, уларнинг бир контейнери нархи 1,5-2 миллион доллар ёки маҳсулот сифатида бир тоннаси 150-200 минг долларга баҳоланади. Яъни, оддий хомашёдан 10 баравар қиммат. Бундан ташқари, бугунги кунда бозорда, ҳатто, танқислиги мавжуд маҳсулотлар ҳам бор. Ўзбекистонда келажакда бу соҳани ҳам ўзлаштириш режалаштирилмоқда.
Тоҳир Шарипов Президент уни Электротехника тадбиркорлари кенгаши раислигига тавсия қилгани ҳақида гапираркан, шундай дейди:
“Умуман кутилмаган таклиф бўлди. Жуда ҳаяжонландим. Чунки бу – ҳурматли Президентимизнинг ишончи, шу билан бирга, жуда жиддий масъулият”.
Унинг билдиришича, йиғилишда келгуси йилдан “1000 муҳандис-конструктор” дастури бошланиши эълон қилинган. Дастур доирасида маҳаллий мутахассислар малака ошириш учун Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларига юборилади. Нуфузли хорижий компанияларда ишлаётган юқори малакали ўзбекистонликларни мамлакатга жалб қилиш учун уларга муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитлари яратилади.
“Зўр ташаббус бўлди ва муҳими, 1000 муҳандиснинг 100 фоиз харажатлари қоплаб берилади. Натижада бир ёки беш йилда эришиладиган режага бир неча ойда етилади. Чунки тайёр муҳандислар келади, ўргатади, тўғридан тўғри ишлаб чиқаришда, саноатда ишлайди. Бу Ўзбекистонда биринчи марта содир бўлиши”, дейди Тоҳир Шарипов.
Тадбиркорнинг айтишича, у Ўзбекистоннинг электротехника бозорини кенгайтириш масаласида Америкада бир қатор учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда.
“Ўйлаймизки, учрашувлар ижобий натижа билан тугайди. АҚШда дунё миқёсида Топ-5 га кирадиган Hardtree, Coficab каби корхоналар бор. Бундан ташқари, яна бир неча молиявий институтлар – Bank Atlantic, Oppenheimer банки, Bank of Montreal бор. Ўшалар билан учрашамиз”, дейди тадбиркор.
Унинг билдиришича, Coficab, Hardtree ва ProCab ўртасида консорциум тузилган. Ушбу корхоналар ўз соҳаси бўйича маълум бир вазифани бажаради. Масалан, Coficab тўғридан тўғри Tesla’га хомашё етказиб беради, Hardtree эса молиялаштиради. Бу бозорда икки механизм хатосиз ишлашини таъминлайди.
Маълумот учун, Coficab – бугунги кунда дунёдаги автомобиль саноати кабеллари бўйича биринчи рақамли корхона. Бутун дунёнинг 23 фоиз бозор ҳажмига эга, яъни 23 фоиз автомобиль саноати кабеллари Coficab’га тегишли. Хусусан, Tesla корхонасида 70 фоиз, Европадаги Mercedes концернида 95 фоизи фақат Coficab маҳсулоти. Бу дегани – ўзбек миси қайта ишланиб, Tesla ва Mercedes-Benz каби компанияларга экспорт қилинади.
“Уларнинг ичида Ferrari, Rolls-Royce ҳам бор. Қувонарлиси, биз Coficab билан гаплашдик: Rolls-Royce, Ferrari ёки бошқа машҳур брендларни ҳам ProCab маҳсулоти бор, деб реклама қилишга рухсат олиш арафасидамиз. Ўйлайманки, 1 январдан унинг ҳам рухсатини олиб, рекламасини бошлаймиз”, дейди Тоҳир Шарипов.
Шариповга кўра, бундан 10 йил олдин ҳозиргидек имкониятлар йўқ эди.
“Ҳеч қандай имкон йўқ эди. Америка Қўшма Штатлари билан, ҳатто Европа билан ҳам ишлашни муҳокама қилиб бўлмасди. Чунки алоқалар умуман яхшимасди. Виза олиш ҳам жуда қийин бўлган. Ҳозирги кунда визани тез беради. Тўғридан тўғри, ҳеч қандай кафолатсиз ресурслар олишни бошладик. Тасаввур қилинг, у вақтларда давлат миқёсида олиш ҳам қийин эди. Ҳозир хусусий корхоналар тўғридан тўғри ресурс олиши мумкин. Бугунги кунда бир нечта банклардан таклиф бор. Муаммо йўқ, фақат биз уларнинг орасидан арзонроғини олиш ниятидамиз, танлаяпмиз.
Ўзбекистонга жуда кўп тадбиркорлар кўчиб келишни, бизнесини олиб ўтишни, марказини кўчиришни бошлади. Сир эмас, Америка Қўшма Штатларидан бир неча йирик корхоналар Тошкент халқаро молия марказида шўъбасини очмоқчи”, дейди тадбиркор.
Live
All