Урбанизация қўмитаси қурилиш компаниялари бўйича можароларга муносабат билдирди
Local
−
19:28 984 2 minutes
Сўнгги кунларда турли қурилиш компаниялари, хусусан, “Imarat Development” қурилиш компанияси фаолияти, уй-жойни топшириш муддатларининг бузилиши, харидорларга маблағларнинг қайтарилмаслиги, шунингдек, қурувчи компания раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани билан боғлиқ вазият жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолат фонида Урбанизация миллий қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси уй-жой сотиб олиш учун маблағ киритган фуқароларнинг ваъда қилинган хонадонлар ва пулларини қайтариб олиш имкониятисиз қолишини йўл қўйиб бўлмас, ҳолат деб ҳисоблайди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк обектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу механизм харидорлар маблағларини махсус банк ҳисобварақларига жойлаштириш ва уларни қурувчиларга фақат белгиланган шартлар бажарилгандан кейингина ўтказишни назарда тутади. Бу фирибгарлик ҳамда фуқаролар маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш хавфини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Қайд этилишича, эскроу механизми, шунингдек, қурилишнинг узлуксизлигини таъминлашни, жумладан, лойиҳани амалга оширишда жиддий муаммолар юзага келганда бошқа қурувчини тезкор жалб қилиш имкониятини ҳам назарда тутади. Бу қурувчи ўз мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда ҳам қурилишнинг якунланишини таъминлайди.
“Миллий қўмита харидорлар маблағларини ишончли ҳимоя қилиш, қурувчилар томонидан мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилиши ҳамда бозорнинг виждонли иштирокчилари учун шаффоф ва тенг шароитлар яратиш уй-жой қурилишининг асоси бўлиши лозим, деб ҳисоблайди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, эскроу тизимини имкон қадар тезроқ жорий этиш бундай инқирозли вазиятларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг қурилаётган уй-жойлар бозорига бўлган ишончини тиклаш учун зарур қадам ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси офиси Сергели туманидаги Буюк авлод шоҳ кўчасида жойлашган “Imarat Development” масъулияти чекланган жамият раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатганди. Бугун, 2 ноябрь куни “Imarat Development” лойиҳаси билан боғлик иш доирасида Марат Ҳамдамов ва Ж.А. процессуал тартибда қўлга олингани маълум бўлди.
Live
All