Урушда сояда қолаётган кучлар
Review
−
17:54 755 6 minutes
“Украинага Европа ёрдам бермоқда”, “Киев ёлғиз ўзи бу ергача келолмасди”, мазмунидаги гапларни кўп гапирдик. Ҳақиқатан ҳам Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлари Москва қўшинлари босқинидан бери Киевга миллиардлаб долларлик ёрдам бериб келмоқда. Фақатгина 2024–2025 йиллардаги умумий кўрсаткичларга кўра, Украинага жами 250 миллиард евродан ортиқ (мажбурий ваъда қилинган) ёрдам ажратилган.
Аммо Россияни ҳам бу ерда ёлғиз деб бўлмайди. Путин ҳукумати ишонадиган, уруш ҳолатида ҳам унга ёрдам берадиган, керак бўлса ўз аскарларини қўш-қўллаб топширадиган биргина инсон бор. Бу эса, шубҳасиз, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин.
Шунчаки ҳарбий ёрдам эмас
Ғарб давлатлари Киевга кенг миқёсда ёрдам бериб келмоқда, аммо уларнинг ҳеч бири ҳали расман Россия – Украина урушига ўз армиясидан ҳарбийларни жалб қилганича йўқ. Шимолий Корея эса бу борада пачакилашиб ўтиргани йўқ, Путин сўраган кезда унга минглаб аскарларини жўнатишга тайёр.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери Шимолий Корея Москва учун муҳим иттифоқчига айланди. “Council of Foreign Relations” (CFR) агентлигининг ўтган йилги маълумотларига кўра, 2024 йил октябрдан бери Россияга жами 14–15 минг атрофида шимолий кореялик ҳарбий юборилган ва бу ҳанузгача давом этиб келмоқда. Уларнинг асосий қисми Шимолий Корея армиясининг махсус тайёрланган 11-корпуси – “Storm Corps” жангчилари бўлган.
Буни қарангки, айнан Ким Чен Иннинг кўмаги урушда кези келганда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Пхеньян томонидан юборилган ҳарбий кучлар дастлаб Россиянинг Курск вилоятидаги жангларда, шунингдек, Украина кучларини Россия ҳудудидан сиқиб чиқариш операцияларида ҳаракат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, улар чегара атрофидаги ҳарбий ҳаракатларга ҳам жалб қилинган бўлиб, бу орқали Москва ўзининг тажрибали зарбдор бригадаларини Шарқий Украинадаги асосий ҳужум нуқталарига йўналтирмоқда.
Қизиқ жиҳати, томонлар бу ҳаракатларни сир сақлашга ҳаракат қилади. “Center for Strategic and International Studies” (CSIS) ташкилоти таҳлилларида келтирилишича, Россия Шимолий Корея ҳарбийларини мамлакатга ,асосан, денгиз орқали олиб кирган. Биринчи гуруҳлар Шимолий Кореянинг Вонсан, Чхонжин, Ҳамхунг ва Мусудан каби портларидан Россия Тинч океани флотининг кемаларида Владивостокка олиб келинган. Кейин улар Россиянинг шарқидаги ҳарбий базаларга кўчирилган ва у ерда рус ҳарбий кийими, қуроли ҳамда айрим ҳолларда сохта идентификация ҳужжатлари билан таъминланган. Кейинги босқичларда эса Россиянинг юк кемалари ва ҳарбий самолётларидан ҳам фойдаланилгани ҳақида Жанубий Корея разведкаси хабар берган.
Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Х’даги саҳифасида Россия Шимолий Кореялик 10 минг нафар ҳарбийни урушга жалб қилиши ҳақида маълумотлар олганини айтди. Унинг таъкидлашича, айни пайтда Пхеньян Кремлга 8 мингдан ортиқ аскар берган ва яна минглаб жангчиларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказмоқда.
Хўш, бу нимани англатади?
Россия фронтларни кенгайтириш у ёқда турсин, айни вақтдаги чизиқни сақлаб қолишда муаммоларга дуч келмоқда. Пхеньян эса Москва учун оддий қурол етказиб берувчи давлатдан аста-секин қўшимча ҳарбий ресурс манбаига айланмоқда.
Сахий Ким
“Дўст оғир кунингда билинади”, дейишади. Ким Чен Ин бошчилигидаги ҳукуматнинг Путин билан муносабатлари ҳам айни уруш вақтида ҳар қачонгидан ҳам яхшиланди. Шимолий Корея ўз қўшинлари можарога аралашишидан анча олдин Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига ёрдам беришни бошлаган ва биринчи марта 2023 йил август ойида қурол етказиб берган. Ўша пайтда рус қўшинларига ўқ-дори етишмаётган, ички ишлаб чиқариш эса мавжуд талабни қондира олмаётган пайт эди. Жанубий Корея ва АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, КХДР Россияга миллионлаб, турли ҳисоб-китобларда 5 миллиондан 8 миллионгача бўлган миқдорда артиллерия снарядларини етказиб берган.
Манбаларга қараганда, КХДР Россияга KN-23 (Hwasong-11Ga) ва KN-24 қисқа масофали баллистик ракеталарини ва уларнинг учириш қурилмаларини ҳам етказиб берган. Бу қурилмалар Украинанинг ички ҳудудларидаги стратегик ҳамда ҳарбий объектларга узоқ масофали зарбалар беришда қўлланилмоқда.
Шунингдек, Украина Мудофаа разведка бошқармаси қўмондони генерал-лейтенант Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, Москва ва Пхеньян яқинда Россия аҳоли пунктларига вайронкор зарбалар беришда фойдаланиб келинаётган “Шаҳид” услубидаги учувчисиз учиш аппаратларини Шимолий Кореяда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бир қанча келишувларга эришганини таъкидлади.
CFR маълумотларига кўра, Россиянинг баъзи бўлимлари тўлақонли КХДРдан келувчи ёрдамларга таянган. Умуман олганда, Украина ҳарбий разведка бошқармаси Шимолий Корея Россия артиллерия снарядларининг тахминан ярмини етказиб бераётганини тахмин қилмоқда.
Ушбу қуролларнинг жанг майдонига кўрсатган таъсирини тўлиқ баҳолаш қийин бўлса-да, БМТнинг санкцияларни мониторинг қилиш гуруҳи экспертлари яқинда Шимолий Кореянинг қўллаб-қувватлаши Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини давом эттириш имкониятига салмоқли ҳисса қўшганини таъкидладилар.
Фойда нима?
“Сиздан угина, биздан бугина”, деганларидек, КХДРнинг Россияга бераётган ёрдами беминнат эмас. Шимолий Корея Россия – Украина уруши бошланиши билан қулай имкониятдан фойдаланиб қолди. Россиянинг Украина ҳарбийлари бир неча кун ичида таслим бўлади, деган тахмини мутлақо хато бўлиб чиқди ва тез орада Россияда ўз ҳужумини давом эттириш учун қурол-яроғ ҳам, жонли куч ҳам етарли эмаслиги аён бўлди. Шимолий Корея эса Россияга ёрдам беришга тайёр ва буни амалга оширишга қодир бўлган саноқли мамлакатлардан бири эканини кўрсатди.
2023 йил июль ойида ўша пайтдаги Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Корея уруши тугаганининг йиллигини нишонлаш учун Пхеньянга делегацияни бошлаб борди. У ерда Ким мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини намойиш этди ва икки расмий шахс ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, Шимолий Корея Россияга ўқ-дориларнинг биринчи партиясини юборди. Мамлакатлар ўз иттифоқчилигини 2024 йил июнь ойида, Ким ва Россия Президенти Владимир Путин ўзаро мудофаа бандини ўз ичига олган ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаб, мустаҳкамладилар.
Шундан сўнг, Москва тизимли ҳарбий ресурс таъминотини топди. Пхеньян ҳам бунинг эвазига шунчаки пул ёки озиқ-овқат олмаяпти. Россия Шимолий Кореяга ҳарбий технологиялар, ҳаво мудофааси воситалари, электрон кураш тизимлари ва ҳарбий тажриба бераётгани ҳақида маълумотлар бор. Энг муҳими, Шимолий Корея ҳарбийлари Корея урушидаги жанглардан бери амалда кўрмаган кенг кўламли, замонавий уруш тажрибасини Россияда оляпти.
Россия Шимолий Кореянинг тажрибасиз ҳарбийларига жанг майдонида тажриба орттириш имкониятини берди. Шимолий Корея кучлари вақт ўтиши билан ўз тактикасини ўзгартириб, Иккинчи жаҳон уруши даврига хос очиқ майдондаги классик услубдаги енгил пиёда ҳужумларидан дронлардан фойдаланишга ўта бошлади. Бундан ташқари, Кремль таъминотни ошириш мақсадида Пхеньянга катта миқдорда инвестициялар киритмоқда, замонавий қуроллар ишланмаларини топширмоқда. Бу эса КХДРдек ядро қуролларини зерикканда мақтовчи давлатнинг ҳарбий салоҳияти ошишига сабаб бўляпти.
Пхеньян учун Украина уруши ўз армиясини ҳақиқий жанг тажрибаси билан таъминлаш, Россиядан замонавий технологиялар олиш ва икки давлат ўртасидаги ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлаш имкониятига айланди. Яъни Россия Шимолий Кореядан аскар ва снаряд олаётган бўлса, Шимолий Корея ҳам бу урушдан ўз армияси учун тажриба ва технология йиғмоқда. Шу сабабли бу ҳамкорликнинг таъсири фақат Украина фронти билан чекланиб қолмай, Корея яриморолигача етиб борадиган хавфсизлик масаласига айланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Путин ҳокимияти ҳарбий масалада Ким Чен Инга суянмоқда. Аммо шу билан бирга, Шимолий Кореянинг ёрдами ортида ўз қўшинларининг салоҳиятини ошириш ва ҳарбий технологияларни замонавийлаштириш мақсади ҳам турибди.
Live
All