Украина бу сафар Бошқирдистондаги Wildberries омборини нишонга олди (видео)
World
−
13:56 1374 2 minutes
Украинанинг бугун, 13 августга ўтар кечаси Россиянинг Бошқирдистон Республикасига уюштирган дрон ҳужумлари оқибатида Салават шаҳридаги “Газпром нефтехим Салават” нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Чишми туманидаги Wildberries логистика мажмуасида ёнғин юзага келди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабировнинг маълум қилишича, дронлардан бирининг қолдиқлари Салават шаҳридаги саноат зонасига қулаган ва оқибатда ушбу ҳудудда ёнғин чиққан.
Маҳаллий манбалар ёнғин “Газпром нефтехим Салават” ҳудудида юзага келганини билдирган. Шунингдек, Wildberries компаниясининг Чишми туманидаги логистика мажмуасида ҳам ёнғин чиққан. Компаниянинг ўзи эса Бошқирдистондаги объектларидан бирида ҳаво ҳужуми оқибатида ёнғин юзага келганини тасдиқлаган.
“Бошқирдистонда ҳаво ҳужуми оқибатида компаниямиз объектларидан бири жойлашган саноат ҳудудида ёнғин юзага келди. Ҳодиса жойида ўт ўчириш бригадалари ишламоқда”, дейилади компания баёнотида.
Компания маълумотига кўра, ушбу объектда товарлар сақланмайди. Шунингдек, хавфсизлик талабларига мувофиқ ходимлар олдиндан эвакуация қилинган.
Ҳозирча ҳужумларнинг аниқ кўлами ва объектларга етказилган зарар миқдори бўйича тўлиқ маълумотлар йўқ. Бошқирдистон расмийлари эса ҳужум вақтида икки киши жароҳатланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Воронеж вилоятига ҳужум қилган эди. Зарба оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, яна 2 киши жароҳатланган.
Live
All