Трампнинг буйруғидан сўнг АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбий машғулотларни қисқартирди
World
−
09:51 608 2 minutes
АҚШ ва Жанубий Корея Дональд Трампнинг топшириғидан сўнг ҳар йили ўтказиладиган қўшма ҳарбий машғулотлар муддатини 11 кундан 5 кунга қисқартирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Пентагонга Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларни “сезиларли даражада қисқартириш”ни буюрганди. Шундан сўнг қўшма ҳарбий машғулотлар муддати 11 кундан 5 кунга қисқартирилган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 август куни бошланган Ulchi Freedom Shield машғулотлари энди жорий йилнинг 21 августида якунланади. Аслида эса машғулотлар 27 августгача давом этиши режалаштирилганди.
Жанубий Корея Мудофаа вазири Ан Гю Бекнинг айтишича, машғулотларнинг иккинчи босқичи бекор қилинмоқда. Ушбу босқич мудофаа амалиётларидан кейинги қарши ҳужум операцияларини ўз ичига олиши керак эди. Шунингдек, айрим қўшма дала машқлари ҳам қисқартирилади.
Пентагон вакили АҚШ машғулотлар ва улар билан боғлиқ жонли ўқув тадбирларидаги иштирокини сезиларли даражада камайтирганини, айрим машқлар эса бекор қилингани ёки симуляция форматига ўтказилганини маълум қилган.
Шимолий Корея эса машғулотларни яна бир бор қоралаб, АҚШ ва Жанубий Кореяни Корея яриморолида кескинликни кучайтираётган “урушпарастлар” деб атаган. Бироқ Пхеньян баёнотида Трамп ёки машғулотларнинг қисқартирилиши тилга олинмаган.
Шунингдек, “The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, Трамп ёрдамчиларига Ким Чен Ин билан шу куздаёқ юзма-юз учрашув ташкил этишни топширган. Нашр манбаларига кўра, музокаралар ноябрь ойида Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида ўтказилиши мумкин.
Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Чо Хённинг айтишича, Сеул ва Вашингтон расмийлари Трампнинг буйруғидан олдиндан хабардор бўлмаган. Президент Ли Же Мён эса мазкур машғулотлар мудофаа характерига эга эканини ва Шимолий Кореяга қарши қаратилмаганини билдирган.
Live
All