Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилмоқчи (видео)

World

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Трамп кеча, 14 август куни Ню-Ёрк штатининг Лонг-Айленд ҳудудидаги полиция академиясида қилган нутқи давомида сўз очди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Эрон устидан ғалаба қозонганидан сўнг Ҳормуз бўғози мақоми бўйича янги қарор қабул қилиши мумкин.

“Яқин орада Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қиламан. Аслида ҳам шундай. Бўғоз устидан блокада ўрнатилган ва биз истамасак, ҳеч бир кема ўта олмайди”, деган Трамп.

Ушбу баёнот АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар натижасиз якунланаётган бир пайтда янграган. Теҳрон Ҳормуз бўғозини тўлиқ очиш учун АҚШдан уруш оқибатида етказилган зарарларни қоплаш, санкцияларни бекор қилиш ва музлатилган активларни қайтаришни талаб қилмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий эса Трампнинг сўзларига муносабат билдириб, Ҳормуз бўғозини очиш ёки ёпиш масаласи фақат Эрон ваколатига киришини таъкидлаган.

Маълумот учун, Ҳормуз бўғози Форс кўрфазини Уммон кўрфази билан боғлайдиган стратегик сув йўли бўлиб, дунё бозорига етказиб берилаётган нефтнинг қарийб 20 фоизи айнан шу ҳудуд орқали ташилади. Уруш бошланганидан буён бўғоздаги чекловлар энергия нархларининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғози миналардан тўлиқ тозаланганини ва бўғоз 100 фоиз АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари назоратида эканини маълум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends