Тошкентнинг яна 3 та туманига янги ҳоким тайинланди

Local

−

image

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт, Чилонзор ва Яккасарой туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Лазизбек Пўлатович Темиров Янгиҳаёт тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Маълумот учун, Лазизбек Темиров 1989 йил Фарғона вилояти Фарғона туманида туғилган. Маълумоти олий. 2012 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2021 йилда эса мазкур университет магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда ишлаган. 2024 йилдан Яшнобод тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Шунингдек, Ҳаёт Илёсович Иноғамов Чилонзор тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Маълумот учун, Ҳаёт Иногамов 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2006 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини, 2008 йилда эса мазкур институт магистратурасини тамомлаган.  Меҳнат фаолияти давомида транспорт ва йўл инфратузилмаси ҳамда давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда фаолият юритган 2020 йилдан Янгиҳаёт тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган.

Бундан ташқари, Акмал Муродович Жумабоев Яккасарой тумани ҳокими лавозимига тайинланган.

Маълумот учун, Акмал Жумабоев 1987 йил Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган. Маълумоти олий. 2011 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институтини, 2013 йилда эса мазкур институт магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида ёшлар ташкилотлари ва давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда ишлаган. 2021 йилдан шу кунга қадар Сергели тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимлари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. Абдулазиз Абдулҳақов Бахтиёр Раҳмонқулов ўрнини эгаллади ва Яшнобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Шу билан бирга, Нилуфар Аллабергенова Яккасарой тумани ҳокими лавозимидан озод этилди ва Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends