Тошкентга келаси йил 10 млрд доллар инвестиция жалб қилинади
Local
−
19:31 678 2 minutes
Тошкент шаҳрига келгуси йилда 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Қайд этилишича, йиғилиш аввалида бугунги мураккаб шароитда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшимча қиймат, инвестиция ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга янгича ёндашиш зарурлиги таъкидланган.
Пойтахт туманларининг ҳар бири ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ йўналишларга ихтисослашиши лозимлиги қайд этилган.
Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида Тошкентга кириб келаётган юкларни саралаш, қадоқлаш, тақсимлаш ва етказиб беришга ихтисослашган йирик логистика мажмуаларини ташкил этиш учун катта имконият бор.
Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод ва Яккасарой туманларида замонавий бизнес ва молиявий марказларни кўпайтириш орқали 2 миллиард долларлик капитал бозорини шакллантириш ҳамда 20-25 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланган.
Олмазор, Чилонзор ва Учтепада эса таълим, тиббиёт, савдо ва сервис соҳаларида камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, 15-20 мингта иш ўрни яратиш салоҳияти мавжуд.
Жорий йилда пойтахтнинг 12 та тумани бўйича 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Бироқ айрим ҳудудларда белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун ишларни янада жадаллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Инвесторларнинг масалаларини идорама-идора юрмасдан, бевосита жойида ҳал қилиш учун алоҳида иш тизими жорий этилиши белгиланган. Республика ва шаҳар даражасидаги масъуллар ҳар ҳафта туманларга чиқиб, тадбиркор ва инвесторлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилади.
Юқори даражада ечим талаб қиладиган масалалар бўйича шу куннинг ўзида асосланган таклифлар тайёрланиб, Президент Администрациясига киритилади. Мазкур тартиб йил охирига қадар алоҳида назоратда ишлайди.
Келгуси йилда пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 150-200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Live
All