Тошкентдаги ёнғинда ФВВ қутқарувчиси ҳалок бўлди
Local
−
13:30 4501 2 minutes
Тошкент шаҳрида содир бўлган ёнғинни ўчириш вақтида пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси қутқарувчиси Бобурмирзо Пардаев ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 15 августга ўтар кечаси соат 03:41 да “112” тизими орқали Тошкент шаҳар ФВББ навбатчилик қисмига Учтепа тумани “Қуйи Дархон” МФЙ ҳудудида жойлашган уйлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Хабар олиниши билан шаҳар ФВББ ва ФВВ Махсус қутқарув баталёни қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни бартараф этишга киришган.
Билдирилишича, қутқарувчилар ёнғинни бартараф этиш билан бир қаторда, хонадонда бўлган аҳолини зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолган. ФВВ Махсус қутқарув баталёни отряд командирининг ўринбосари – гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам жасорат кўрсатиб, инсонлар ҳаётини қутқарган. Бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида капитан қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
“У ўз касбининг ҳақиқий фидойиси сифатида инсон ҳаёти ва хавфсизлигини ўз жонидан устун қўйиб, сўнгги нафасига қадар хизмат бурчига содиқ қолди. Унинг жасорати ва фидойилиги ҳамкасблари, қутқарувчилик касби ва юртимиз аҳли хотирасида ҳамиша сақланиб қолади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум қутқарувчи капитан Пардаев Бобурмирзо Комилжон ўғлининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Жасорат билан ўтган умр — эл хотирасида абадийдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида маст ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб юборганди. Оқибатда оғир тан жароҳати олган сержант шифохонада вафот этган эди.
Live
All