Тошкентда тадбиркордан 3,3 млн сўм ундирмоқчи бўлган сохта “туман газ” ходими ушланди
Crime
−
10:25 444 1 minute
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўзини “Юнусободтумангаз” ходими деб таништириб, тадбиркордан пул ундирган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, фуқаро Ш.Р. “C.S.” МЧЖ раҳбари И.К.га қалбаки хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ўзини “Юнусободтумангаз” ходими деб таништирган. У МЧЖнинг умумий овқатланиш шохобчасида аниқланган қонунбузилиш учун 5,2 млн сўм жарима қўлламаслик эвазига 3,3 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қува туманида беш киши сохта ҳужжатлар асосида банкдан 428,8 млн сўм кредит олгани аниқланган эди.
Live
AllShavkat Mirziyoev Ummonga bordi
16 November
Bangladeshda tikuvchilar ish tashlamoqda
16 November