Тошкентда фуқароларни хорижга ишга жўнатиш эвазига ноқонуний пул олганлар ушланди

Crime

image

Тошкентда фуқароларни алдаб, уларнинг ишончига кирган ҳамда хорижга ишга жўнатиш эвазига фирибгарлик йўли билан пул олган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни хорижга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилган.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўзининг танишлари орқали Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 6 нафар фуқарони Словакия Республикасига ишга юбориш эвазига 145 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 85 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида хорижий давлатларга виза олиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатувчи МЧЖ раҳбари пойтахтда истиқомат қилувчи, 2002 йилда туғилган фуқаронинг алдов йўли билан ишончига кириб, виза расмийлаштириш орқали уни Германияга ишга юбориш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Бу каби қонунбузилиш ҳолати Тошкент вилоятида ҳам қайд этилиб, жумладан Зангиота туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл алдов йўли билан Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, виза расмийлаштирган ҳолда уни Жанубий Кореяга ишлаш учун юбориш эвазига 5900 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида фуқароларнинг 574,6 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахслар ушланганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends