Тошкентда бир кунда 22 та ЙТҲда 4 киши оғир жароҳатланди
Local
−
13:40 574 2 minutes
Кеча, 4 сентябрь куни Тошкент шаҳрида 22 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди ва оқибатда 4 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Қайд этилишича, 4 сентябрь куни пойтахт йўлларида сутка давомида жами 1 млн 502 минг 57 та транспорт воситаси ҳаракатланган. Бу 3 сентябрдаги 1 млн 487 минг 250 та кўрсаткичга нисбатан 14 минг 807 тага (+1 фоиз) кўп.
Шунингдек, кун давомида 170 та йўналишда 1 670 та автобус ҳаракатланиб, улар орқали 1 млн 228 158 нафар йўловчи ташилган. Тошкент метрополитени орқали эса иш куни давомида 862 минг 053 нафар йўловчи манзилига етказилган.
Вазиятлар маркази мониторинги давомида куннинг тиғиз вақтида:
- 6 та чорраҳада тирбандлик даражаси 7 баллга етган;
- 1 та чорраҳада эса тирбандлик даражаси 7 баллдан ошган.
Тирбандлик кузатилган нуқталарда транспорт оқимини барқарорлаштириш мақсадида светофорларнинг иш режими мувофиқлаштирилиб, зарур йўналишларда яшил сигнал вақти узайтирилган. Шунингдек, ҳаракатни тартибга солиш учун зарур чорраҳаларга ЙПХ ходимлари жалб қилинган.
Кун давомида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича 4 751 та ҳолат қайд этилган. Шунингдек, 22 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, улар оқибатида 4 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган.
Билдирилишича, вазиятлар марказида пойтахт йўлларидаги транспорт оқими ва тирбандлик ҳолати реал вақт режимида кузатилиб, ҳаракат интенсивлигидан келиб чиқиб светофорларнинг иш режимига тезкор ўзгартиришлар киритиб борилмоқда. Мазкур чоралар юқори транспорт юкламаси кузатиладиган участкаларда ҳаракат барқарорлигини таъминлаш, тирбандликларнинг ортиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавфсиз ва қулай шароит яратишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Lacetti катта тезликда Isuzu русумли автобус билан тўқнашганди. Ҳодиса оқибатида Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчисига ҳамда автобусда бўлган 2 нафар йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб кетилган.
Live
All