Тошкентда 13 та манзилга наркотик яширган шахс ушланди (видео)

Crime

−

image

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида гиёҳвандлик моддаларини тарқатишда гумонланган шахс ушланди. Тезкор тадбир давомида ундан ташқари яна 13 та манзилдан гиёҳвандлик воситалари топилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

 

Қайд этилишича, ёшлар орасида гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида ўтказилган тадбирда гумонланувчи “Аҳил” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида шубҳали ҳаракатлари сабабли ички ишлар ходимларининг эътиборини тортган.

Ходимлар унинг олдига бориб, ўзларини таништирган ва бу ҳудудда нима сабабдан юрганини сўраган. Шунда фуқаро чўчиб кетиб, ёнидаги қора изолентага ўралган иккита номаълум моддани ерга ташлаган. Кейинчалик унинг телефони текширилганда, гиёҳвандлик воситалари яширилган яна 13 та манзил аниқланган. Ушбу манзиллардан елим пакетларга жойланган жигарранг моддалар топилиб, холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.

Гумонланувчининг яшаш хонадони ҳам текширилган. У ердан худди шундай модда ва купюрага ўралган оқсимон модда аниқланган. Гумонланувчи кўрсатмасида ноқонуний моддаларни ўзи яширилган жойлардан олганини, қарзларини тўлаш ва кўпроқ пул топиш мақсадида бу ишга қўл урганини айтган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган.

Қайд этилишича, қонунчиликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ айрим жиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаб, сотиш билан шуғулланган уч нафар фуқаро томонидан ташкил этилган нарколаборатория фош қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends