Тошкентда ҳаво ифлосланиши кескин ортди

Local

image

Кеча, 18 сентябрь куни кечки соатларда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосида PM2.5 ва, айниқса, PM10 заррачалари миқдорининг қисқа муддатли кескин ортиши кузатилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Махсус комиссия маълумотига кўра, автоматик мониторинг станциялари заррачалар концентрацияси 18:00 дан кейин кўтарила бошлаганлигини ва 20:00 дан сўнг сезиларли кучайганлигини қайд этган. Ифлосланишнинг энг юқори даражаси эса 21:00-23:00 оралиғида кузатилган. Хусусан, соат 22:00 да шаҳар бўйича PM2.5 концентрацияси ўртача 74,5 мкг/м кубни, PM10 эса 243,6 мкг/м кубни ташкил этган. Пойтахтнинг айрим қисмларида автоматик мониторинг станциялари PM10 миқдори 555,3 мкг/м кубгача етганини кўрсатган. PM10 нинг PM2.5 га нисбатан сезиларли юқори бўлиши ушбу даврда ҳавода йирик чанг заррачалари ортганини кўрсатган.

Вазиятни жойида ўрганиш мақсадида 19 сентябрга ўтар кечаси Экологик мониторинг миллий маркази Ўзгидромет мутахассислари билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманининг учта ҳудудида кўчма ускуналар ёрдамида атмосфера ҳавоси сифатини ўлчаган. Натижада соат 02:15 да Феруза мавзесида PM2.5 – 65 мкг/м куб, PM10 – 77 мкг/м куб, умумий чанг – 90 мкг/м куб; соат 02:25 да Касаба кўчасида PM2.5 – 55 мкг/м куб, PM10 – 63 мкг/м куб, умумий чанг – 70 мкг/м куб; соат 03:01 да Паркент кўчасида эса PM2.5 – 61 мкг/м куб, PM10 – 65 мкг/м куб, умумий чанг – 70 мкг/м куб миқдорида қайд этилган.

Шунингдек, жойига чиқиб ўтказилган ўлчовларда азот диоксиди, углерод моноксиди, аммиак, фтор водороди, фенол ва формалдегид каби газсимон ифлослантирувчи моддалар кузатилган. Таҳлил натижаларига кўра, ўлчанган ифлослантирувчи моддаларнинг максимал бир марталик концентрациялари белгиланган меъёрлардан ошмаган. Таҳлилларга кўра, мазкур ҳолатга бир нечта омиллар бир вақтда таъсир қилган. Узоқ давом этган қуруқ об-ҳаво шароитида тупроқ ва йўл юзаларидаги чангнинг ҳавога кўтарилиши учун қулай шароит юзага келган. Кечки ва тунги вақтда кузатилган ҳарорат инверсияси ва ҳаво алмашинувининг сустлиги заррачаларнинг атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида тўпланишига шароит яратган.

Шу билан бирга, САМС модели маълумотларида Ўзбекистоннинг ғарбий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида PM10 миқдори юқори бўлган чанг массалари кузатилган. HYSPLIT модели асосидаги ҳисоб-китоблар Тошкентга турли баландликларда шимол, шимоли-шарқ, ғарб ва шимоли-ғарб йўналишларидан ҳаво оқимлари кириб келганини кўрсатди. 23:00 дан кейин атмосфера ҳавосидаги PM2.5 ва PM10 миқдори аста-секин пасая бошлаган. Автоматик мониторинг маълумотларига кўра, 19 сентябрь соат 04:00 га келиб шаҳар бўйича PM2.5 ва PM10 кўрсаткичлари мос равишда 22,4 ва 61,9 мкг/м кубгача камайган. 

Билдирилишича, 18 сентябрь кечки ва 19 сентябрь тунги соатларда Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолат қисқа муддатли чанг эпизоди хусусиятига эга бўлган. Қуруқ об-ҳаво, маҳаллий чангнинг кўтарилиши, ҳарорат инверсияси ва суст ҳаво алмашинуви унинг шаклланишига қулай шароит яратган. 23:00 дан кейин автоматик станцияларда концентрацияларнинг пасайиши ҳамда 02:15-03:01 оралиғидаги жойига чиқиб ўтказилган ўлчовлар чанг эпизоди аста-секин сусайиб борганини кўрсатади.

Прогнозларга кўра, бугун, 19 сентябрь соат 21:00 дан 20 сентябрь соат 04:00 гача Тошкент шаҳрида ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиб, AQI 101-150 – “сезгир гуруҳлар учун зарарли” даражага етиши мумкин. Тонгги соатларда ифлосланган ҳаво массаси жануби-ғарбга силжиб, соат 08:00-09:00 га бориб ҳаво сифати “ўртача” даражага қайтиши кутилмоқда.

Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends