Тимсоҳ ҳайвонот боғи ходимини ғажиб ташлади (видео)

World

image

Янги Гвинеянинг Порт-Морсби шаҳридаги “Adventure Park” ҳайвонот боғида тимсоҳ боғ ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 5 сентябрь куни тушдан кейин содир бўлган. Ходим тимсоҳга товуқ бераётган вақтида ҳайвон унинг оёғидан тишлаб, сувга тортган. Шундан сўнг тимсоҳ уни “ўлим айланиши” деб аталадиган усулда айлантирган.

Ҳодиса вақтида бошқа бир ходим ҳам тимсоҳга яқинлашиб, ҳайвоннинг бошига уришга ҳаракат қилган. Ҳайвонот боғига ташриф буюрганлардан бири эса панжара орасидан таёқ узатиб, ходимни қутқаришга уринган. Воқеа гувоҳи Коибуга Ремдининг айтишича, тимсоҳ ходимни тахминан бир соат давомида қўйиб юбормган.

“Кўпчилигимиз воқеани кўрдик, бироқ унга ёрдам бериш учун жуда кам имкониятимиз бор эди. Бизнинг ягона чорамиз полицияга ёрдам сўраб қўнғироқ қилиш бўлди”, деган у.

Полиция етиб келгач, “Adventure Park” боғ ходимлари қутқарув ишларини осонлаштириш учун тимсоҳ сақланадиган ҳавзадаги сувни чиқара бошлаган. Ходим ҳужум оқибатида кўп қон йўқотган.

“Тимсоҳ биринчи ўқдан кейин ўлмади. Полиция бир неча марта ўқ узди. Фақат 11-ўқдан кейин тимсоҳ ўлди”, деган гувоҳ.

Шундан сўнг, ходим тимсоҳдан қутқариб олинган ва шифохонага олиб кетилган. Бироқ у 6 сентябрь куни эрталаб олган жароҳатлари сабаб вафот этган. Маълумотларга кўра, ходим ушбу ҳайвонот боғида қарийб икки йил ишлаган.

Мазкур ҳужумдан бир неча ой олдин эса ҳайвонот боғи ходимларининг тимсоҳларга жуда яқинлашгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Видеолардан бирида ходим улкан тимсоҳнинг юзидан бир неча сантиметр нарида туриб, унинг устига сув сачратгани кўринган. Кейин у тимсоҳнинг устига ўтириб, бўйнидан тортган.

Бошқа видеода эса ходим катта тимсоҳнинг орқасига бир оёғини қўйиб тургани ва томошабинларга ҳайвонни боқиш жараёнини намойиш қилгани акс этган. Яна бир видеода ходим улкан тимсоҳнинг бурнига қўл теккизиб, унинг жағлари олдида турган.

Ҳозирда Порт-Морсбидаги “Adventure Park” ҳайвонот боғи номаълум муддатга ёпилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида тимсоҳ 12 яшар болани еб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends