TikTok болалар маълумотларини йиғгани учун 400 млн доллар тўлайди

World

image

TikTok АҚШ ҳукуматига болалар шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш талабларини бузганлик ҳақидаги ишни ёпиш учун 400 млн доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳолат болалар махфийлиги билан боғлиқ АҚШдаги энг йирик келишувлардан бири бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Келишув АҚШ Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда TikTok ва унинг бош компанияси ByteDance’га қарши берилган даъво билан боғлиқ. Унда компаниялар 13 ёшдан кичик бўлган миллионлаб фойдаланувчиларнинг “катта миқдордаги” маълумотларини тўплагани ва бу орқали 2000 йилда қабул қилинган Болалар онлайн махфийлигини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун (COPPA) талабларини бузганликда айбланган.

Келишув шартларига кўра, TikTok ва ByteDance АҚШ Адлия вазирлигига дарҳол 300 млн доллар тўлайди. Яна 100 млн доллар эса АҚШ Федерал Савдо комиссияси билан 2019 йилда тузилган келишув бекор қилингач тўланади. Мазкур иш TikTok учун илк ҳолат эмас.

Компаниянинг аввалги номи бўлган Musical.ly 2019 йилда болалар махфийлиги бўйича COPPA талабларини бузганликда айбланиб, 5,7 млн доллар жарима тўлаган. Шунингдек, компаниядан 13 ёшдан кичик фойдаланувчилар учун ота-оналарнинг розилигини олиш талаб қилинган.

АҚШ ҳукумати 2024 йилда судга мурожаат қилганида, TikTok’дан 170 миллиондан ортиқ ўсмир фойдаланаётгани ва платформа болаларни жалб қилаётгани, бироқ фойдаланувчиларнинг ёшини самарали аниқлаш ҳамда вояга етмаганлар учун ота-она розилигини олиш механизмлари етарли эмаслигини билдирган.

Маълумотларга кўра, даъво киритилганидан буён TikTok компаниянинг эгалик тузилмаси, махфийлик сиёсати ва ёш фойдаланувчилар учун платформа назоратлари борасида сезиларли ўзгаришларни амалга оширган.

Қайд этилишича, келишув TikTok’нинг Хитойдаги операцияларига тааллуқли. TikTok’нинг АҚШдаги бизнеси эса ўтган йили алоҳида тузилмага ажратилган бўлиб, ҳозир унинг 81 фоизи инвесторлар консорциумига, 19 фоизи эса ByteDance’га тегишли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Мексико штати суди Meta компаниясини ўсмирларнинг руҳий саломатлигига зарар етказганликда айбдор деб топиб, 567 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаш ҳамда Facebook ва Instagram платформаларида вояга етмаганлар хавфсизлигини кучайтириш тўғрисида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends