Тарихдаги энг ёш экзосайёра кашф этилди 

Interesting

image

Олимлар ёши бир миллион йилдан кам бўлган ва гигант сайёраларнинг шаклланиши ҳақидаги тасаввурларни ўзгартираётган Elias 2-24 b сайёрасини кашф қилди. Бу ҳақда “ScienceDaily” хабар берди.

Қайд этилишича, астрономлар бугунги кунда маълум бўлган энг ёш экзосайёра кашф этилганини тасдиқлаган. Elias 2-24 b номли объект Ердан тахминан 450 ёруғлик йили узоқлигида жойлашган. Унинг ёши бир миллион йилдан камни ташкил этади. Сайёра массаси бўйича Юпитер билан тенг келади ва ҳанузгача ўз ёш юлдузини ўраб турган газ-чанг диски ичида жойлашган.

Кашфиёт Чилидаги Диего Порталес университетидан Андреа Бернарди бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи томонидан амалга оширилган. Олимлар Гавайидаги Кек обсерваториясининг 2018 ва 2020 йиллардаги архив маълумотларини таҳлил қилган. Объектни аниқлаш учун юлдузнинг ёрқин нурини тўсиб, атрофдаги хира жисмларни кўриш имконини берувчи коронографдан фойдаланилган.

Elias 2-24 b чанг дискидаги бўшлиқда, ўз юлдузидан Ер ва Қуёш ўртасидаги масофадан 55 баравар каттароқ масофада жойлашган. Илгари бундай олис орбиталарда газ гигантларининг шаклланиши учун тахминан беш миллион йил керак бўлади деб ҳисобланар эди. Илгариги рекордчилар, жумладан, PDS 70 ва WISPIT 2 юлдузлари атрофидаги сайёралар беш миллион йилдан ортиқ ёшга эга эди.

Тадқиқот ҳаммуаллифи, Чилидаги Астрофизика институтидан Лукас Сьесанинг сўзларига кўра, кашфиёт сайёралар ҳосил бўлишининг замонавий моделларида сезиларли бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатади. ALMA радиотелескопи, Жуда катта телескоп (VLT) ва Кек обсерваторияси маълумотларини бирлаштириш объект орбита бўйлаб ҳаракатланаётганини ва тасвирга олишдаги аномалия эмас, балки айнан шаклланаётган сайёра эканини тасдиқлаш имконини берган. Олимлар Нэнси Грейс Роман космик телескопи ёрдамида бундай объектлар ҳақида янги маълумотлар олишга умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Меркурий сайёраси аввалги ҳисоб-китобларга қараганда 30 фоизга кўпроқ қисқараётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic