Сурияда сел оқибатида 7 киши ҳалок бўлди
World
−
11:19 340 1 minute
Суриянинг етти вилоятида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел юзага келди. Табиий офат оқибатида 7 киши, жумладан, беш нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳалаб, Раққа, Дайр аз-Зор, Ҳасака, Ҳама, Ҳимс ва Латакия вилоятларида кучли ёғингарчилик кузатилган. Сел оқибатида бир қанча ҳудудларда инфратузилмага зарар етган, айрим кўприклар қулаган.
Хусусан, Раққа вилоятининг Табқа шаҳри ғарбида жойлашган ас-Салмоний кўприги сел сувлари сабаб қулаган. Оқибатда Раққа ва Ҳалаб ўртасидаги автомобиль йўли ёпилган. Шунингдек, селда қолиб кетган автомобиллардаги 50 киши қутқарилган, 350 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган икки мактаб эвакуация қилинган.
Раққа қишлоқ ҳудудидаги тупроқ тўғонининг бузилиши оқибатида 100 дан ортиқ оиланинг яшаш жойларини сув босган. Бундан ташқари, учта лагерда истиқомат қилган қарийб 375 оила хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.
Ҳозирда 200 дан ортиқ уй, шифохона, мактаб ва нонвойхоналарда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Селда қолиб кетган 40 дан ортиқ автомобиль ҳам хавфсиз жойларга олиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир ва бўрон оқибатида кенг кўламли сув тошқинлари юз берган эди. Табиий ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, кўчалар, ерости йўллари ва туннелларни сув босган, юзлаб уйлар ва иш жойларига зарар етган.
Live
All30 October