Хонадошлар кўрмаган йиқилиш: ўқувчининг ўлими тасодифми ёки..?

Review

Reklama
0:00

Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги мактаб-интернатнинг 16 ёшли ўқувчиси Шоҳидбек Жамолиддинов ётоқхонанинг 4-қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Qalampir.uz жамоаси тафсилотларни аниқлаш учун Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига бориб, ташкилот директори, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатининг ўқув биноси ҳамда ётоқхонаси қурилиш жараёнида бўлгани сабабли, ўқувчилар вақтинчалик Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг биносидан фойдаланаётган бўлган. Ўқувчиларни ётоқхонага жойлаштириш учун эса Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти танланган. Фожиа жорий йилнинг 5 сентябрида шу институтдаги ётоқхонада содир бўлган. Марҳум Шоҳидбек Жамолиддинов оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 15 сентябрь куни оламдан ўтган. Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатининг ижрочи директори Жавоҳир Ахмедов фалокат юз берган кунни аниқ эслайди.

“Шахсан ўзим ҳам ўша ерда эдим. Кундузги тарбиячимиздан: “Бир ўқувчимиз тўртинчи қаватдан тушиб кетди”, деган қўнғироқ бўлди. Зудлик билан пастга шошилдим. Тушсам, икки тарбиячи ва боланинг xонадоши бўлган икки йигит ўша ерда экан. У деразадан тушган жой юмшоқроқ, резина қоплама эди. Бола юзи ерга қараган ҳолатда ётган экан. Олдига бориб: “Шоҳидбек, яхшимисан?” деб сўрадим. У “Яхшиман, устоз. Ҳаммаси жойида. Мени кечиринг, нотўғри иш қилдим. Компьютеримни яхши кўрардим, уни дераза олдида ушлаб қоламан деб мувозанатни йўқотиб, тушиб кетдим”, деди. У айнан шу гапларни айтди. Бу жараёнда ёнимда унинг xонадошлари – икки-уч нафар бола ва тарбиячи ҳам бор эди. “Тез ёрдамга қўнғироқ қилдингларми?” деб сўрадим. Улар қилиб бўлган экан”, дейди таълим ташкилоти раҳбари.

Фалокат содир бўлган пайт xонада марҳумдан ташқари яна икки нафар ўқувчи бўлган. Улар тенгқурларининг айнан қандай тушиб кетганини кўрмаган бўлса-да, қулашидан аввалги вазиятга гувоҳ бўлган.

“Биз паркдан қайтиб келгандик, ҳамма xонада эди. Биз ўз ўрнимизда эдик. Қулоғимда қулоқчин бор эди, овози баланд қўйилганди. Жойимда дам олиб ётгандим. Кейин Шоҳидбекни дераза ёнига ўтганини кўрдим. У тик турганча ноутбукини токчага қўйган эди. Мени уйқу боса бошлаганда бирданига қаттиқ овоз эшитилди. Қарасам, у пастда ётибди. Уч-тўрт сония шок ҳолатида қотиб қолдим, сўнг югуриб пастга тушдим. Кейин уни тез ёрдам олиб кетди”, дейди марҳумнинг xонадоши Шавкат Жуманов.

Яна бир ўқувчи эса Шоҳидбек йиқилганидан кейин ҳам мулоқот қила олганини айтди.

“Ётоқхонада дарсимни қилиб, қулоқчинда ўтирганим учун шовқинни эшитмай қолганман. Қаттиқ овоз эшитилгач ва Шавкатбек ўрнидан турганидан кейин қарасам, Шоҳидбек йўқ экан. Пастга тушганимизда Шоҳидбек гаплаша оладиган ҳолатда эди, саволларга жавоб бераётганди. Танасида қон кўринмасди”, дейди Элдорбек Ҳакимов.

Фожиа содир бўлган куни кундузги тарбиячи сифатида манзилда бўлган ходим Дилшод Муродов эса ҳолат содир бўлган вақтни ҳам тахминан эслайди.

“Навбатчилик пайтим эди. Кундузи соат 15:00–15:10 лар атрофида коридорда ўтирганимда иккита бола чопиб чиқиб: “Устоз, ўртоғимиз тушиб кетди!” деб айтди. Зудлик билан пастга югурдим. Тушиб, тепада – тўртинчи қаватда ўтирган раҳбарга қўнғироқ қилдим ва биринчи навбатда тез ёрдам чақирдик. Бола тушганида ҳушида эди, ҳеч қаеридан қон чиқмаганди, берилган саволларга жавоб бераётган эди”, дейди у ҳам.

Биз марҳумнинг синфдошларига “У яқин кунларда тушкун кайфиятда юрганмиди, нимадандир сиқилган ёки ким биландир тортишиб қолган ҳолатлари кузатилганмиди?” каби саволларни бердик.

“Шоҳидбек яхши бола эди, ҳаммамиз билан яхши чиқишарди. Математикадан олимпиадаларда қатнашиб турарди, натижалари ҳам яхши – топ-10 таликда бўларди. Охирги пайтлар кайфияти бузилиб, сиқилиб юргани йўқ. Икки соатча олдин бирга паркка – Ғалаба боғига чиқиб келгандик. Ўшанда ҳам кайфияти яхши эди, ҳамма билан яхши мулоқот қилаётганди”, дейди xонадоши.

Кундузги тарбиячи эса болалар ўзаро жанжаллашган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразлар умуман ҳақиқатга мос эмаслигини айтди.

“Иш бошлаганимдан бери бирор марта болалар ўртасида тортишув бўлганини ё сўкишганини эшитмаганман. Ҳаммаси ўқиган, билимли, фикрлаш доираси кенг болалар. Кўчадагиларга ўхшаб жанжаллашиб, тортишиб, бир-бирини ҳақорат қилиш деган нарса умуман йўқ эди”, дейди Дилшод Муродов.

Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам жабрланувчини xалқ тилида “ТашМИ” номи билан танилган Тошкент тиббиёт академиясига олиб кетган. Мактаб-интернат директорининг айтишича, Шоҳидбек шу ҳолатда ҳам дарслар ҳақида ўйлаган.

“ТашМИга қараб йўлга тушдик. Йўл-йўлакай Шоҳидбек билан гаплашиб кетдим. У ҳушида, ўзини йўқотмаганди. “Устоз, кечиринг. Энди ўқишим нима бўлади? Мабодо оёғим синган бўлса, менга онлайн ўқишга рухсат берасизми? Ўртоқларимдан қолиб кетмайманми?” деди. Мен унга: “Албатта, рухсат бераман. Билиминг етарли, болалар ҳам ёрдам беришади. Бориб оёғингни гипс қилдирайлик, ўзингга келиб ол. Ҳозирча онлайн ўқиб турасан, кейин яна сафимизга қайтасан”, деб кўнглини кўтардим. У “Раҳмат, устоз”, деди... ТашМИга боргунча шундай гаплашиб бордик”, дейди у.

16 ёшли Шоҳидбек Жамолиддинов – шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири биринчи ўринбосари Носиржон Жўраевнинг фарзанди. Фалокат содир бўлганидан сўнг мактаб маъмурияти ота-онани ҳам бу масала бўйича бохабар қилган.

“Шифохонага отаси билан бирга кирдик. Кўрикдан ўтказган шифокорлар иккаламизни компьютер ёнига таклиф қилишди. Бош миядан бошлаб ўтказилган барча компьютер томографияси натижаларини кўрсатишди. Экрандаги бош мия тасвирини кўрсатиб берилган биринчи маълумот шу бўлдики, Худога шукур, бош мияга заррача ҳам зарар етмаган. “Боши билан тушмагани – энг катта бахтимиз”, дейишди шифокорлар. Сўнгра оёғидаги жароҳатни тушунтиришди. Оёғининг юқори қисмида бир жойи сингани, лекин бу беморнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф солмаслигини айтиб, ўша синган жойни ҳам экранда кўрсатишди. Шунингдек, умуртқа поғонасининг пастки қисмидаги, адашмасам, учинчи умуртқа қаттиқроқ сингани ва яна иккитаси ёрилганини маълум қилишди”, дейди у шифокорларнинг сўзларини эслашга уриниб.

“Qalampir.uz” аниқлаган маълумотга кўра, Шоҳидбекнинг бош мияси лат еган ва умуртқа орқа миясидан ҳам жароҳат олган. Шунингдек, кўкрак қафаси ҳам жиддий шикастланиб, ўпкаси ва юраги лат еган. Бундан ташқари, товони ва думғаза суяклари синган. Бола ҳодисадан сўнг кома ҳолатига тушган.

“Шифокорлар натижаларни кўргач, тўрт-беш нафари маслаҳатлашиб, дарҳол операция қилишга эҳтиёж йўқлигини, бу режали тарзда амалга ошириладиган амалиёт эканини айтишди. “Очиқ синиш йўқ, ҳаётига хавф соладиган ҳолат мавжуд эмас. Бироқ ҳозир биз эътибор қаратишимиз зарур бўлган энг муҳим жиҳат – бу ўпка масаласи”, дейишди. Тушунтиришларича, баланд қаватдан тушган пайтда ўпка ва диафрагма қисилар экан. Натижада ўша соҳада ҳаво ҳамда қон йиғилиб, гематома ҳосил бўлган. Шифокорлар тиббий тилда тушунтиришди, ўпканинг тахминан 10 фоиз қисмида шундай ҳолат кузатилган. “Ҳозирги асосий вазифамиз – катетер ўрнатиб, ўпкага йиғилган ҳаво ва қонни чиқариб ташлаш. Энг муҳим иш – шу. Қолгани, яъни умуртқа поғонаси билан боғлиқ жароҳатлар унинг ҳаётига хавф солмайди. У ёғига даволаш жараёнида бошқа мутахассислар билан бамаслаҳат иш тутамиз”, деб отаси иккаламизга вазиятни батафсил тушунтиришди”, дейди директор.

10 кун давомида беморга турли муолажалар қилинган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, Шоҳидбек 15 сентябрь куни оламдан ўтган. Аммо бу вақт орасида унинг ҳолати яхшиланаётгани ҳақида умидли хабарлар ҳам бўлган.

“Адашмасам, еттинчи куни оталари хурсанд бўлиб телефон қилдилар. “Жавоҳир Жамолович, ҳозир Республика нейрохирургия марказидан профессорлар келди. Пункция дейиладиган эски бир усул бор экан. Умуртқа поғонасининг синган жойи орқа мия каналини тўсиб қўймаганига ишонч ҳосил қилиш, келажакда боланинг ногирон бўлиб қолишининг олдини олиш ва аниқлик киритиш учун дори юбориб кўриларкан. Тепадан ҳам, пастдан ҳам дори юбориб кўришганида, ҳаммаси муваффақиятли ўтди. Яъни умуртқа поғонаси билан боғлиқ ҳеч қандай жиддий муаммо йўқ экан”, деб хушхабар берган эди. Боланинг аҳволи кундан-кунга яхшиланиб бораётганди. Фақат биринчи зарбда кўринмаган ўпкадаги жароҳат кейинчалик билиниб, 30-40 фоиз жойида яна гематома каби ҳолат кузатилди. Врачлар ҳар куни берадиган ахборотида капиллярлардаги бу муаммо дорилар билан даволанаётганини билдирарди. Лекин 15 сентябрь куни эрталаб соат еттидан ўтганда, ишга келаётганимда оталари қўнғироқ қилиб, “Ўғлимиз ўтиб қолди...”, деган шум хабарни берди”, дейди Жавоҳир Ахмедов.

Шундан сўнг Шоҳидбек Наманган вилоятига олиб кетилган ва жаноза намози ҳам ўша ерда ўқилган. Энди кўпчиликда пайдо бўлган “Мактаб ўқувчилари нега педагогларни қайта тайёрлайдиган институт ётоқхонасига жойлаштирилган, ётоқхонада назорат бўлганми?” каби саволларга жавоб излашга ўтамиз. Ал-Беруний халқаро мактаби иқтидорли болалар дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги истеъдодли ёшларни юқори сифатли таълим билан таъминлашга қаратилган. Муассаса 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган ва марҳум Шоҳидбек унга қабул қилинган илк ўқувчилар қаторида бўлган. Дастлабки йилда 60 та ўқувчи сараланиб олинган. Мактабнинг ўқув биноси ва ётоқхонаси қурилиш жараёнида бўлгани сабабли дарслар бошқа мактабларда ўтилган.

“Мактабимиз фаолияти айнан Мактабгача ва мактаб таълими вазири раҳбарлигидаги Кузатув кенгаши асосида юритилади. Жорий йилда ушбу кенгаш қарорига кўра, ўқувчиларимиз сони 120 нафарга етгани муносабати билан ўқув жараёнларини ташкил этиш учун Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб биносига кўчиб ўтдик. Сабаби дарслар барча лаборатория ва амалий жиҳозларга эга мактабда ўтилиши ҳамда ҳар бир ўқувчига халқаро стандартлар бўйича қўйилган меъёрлар ва шароитлар таъминланиши зарур. Акс ҳолда халқаро аккредитациядан дарс бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишимиз хавфи бор эди. IB ташкилоти вакиллари келиб, бинони, болаларнинг яшаш ва ўқиш шароитларини атрофлича ўрганди ва бу ерда ўқув жараёнини давом эттиришга рухсат берди”, дейди мактаб-интернатнинг директори.

Ўқувчилар барча ҳудудлардан сараланиб олингани боис, турар жой ва ётоқхона масаласи кун тартибига чиққан. Бунга ҳам кузатув кенгаши орқали ечим топилган.

“Вазирлик ҳамда Агентлик раҳбарияти бошчилигида тизим ташкилотлари орасида қаерда мос имконият борлиги ўрганилди. Чунки янги бино қурилгунга қадар ётоқхона учун давлат бюджетидан қўшимча молиявий маблағ ажратилмаган эди. Натижада мактабимиздан тахминан 1 километру 300 метр масофада жойлашган вазирлик тизимидаги А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ётоқхонаси танланди. Масъуллар билан биргаликда шароитларни ўргандик. Xоналар тўрт кишига мўлжалланган бўлиб, ичида ювиниш xонаси, ҳожатхона ва дарс қилиш учун барча қулайликлар яратилган. Бундан ташқари, ўқувчиларимиз дам олиш кунлари институтнинг кутубхонаси ҳамда спорт мажмуаларидан эркин фойдаланиш имкониятига эга эди”, дейди Жавоҳир Ахмедов.

Батафсил YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic